Тезкор ахборот асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ноқонуний сигареталарнинг йирик партиясини қўлга олдилар. Ҳудудий божхона бошқармаси инспектори Азизбек Раҳматовнинг сўзларига кўра, икки турдаги, жами 90 млн сўмлик 180 000 дона сигарета аниқланган.
Қайд этиб ўтамизки, жорий йилнинг охирги етти ойи давомида Фарғона вилояти Божхона бошқармасида 29 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларда жами 1 миллиард 421 млн сўмлик 3 471 400 дона контрабанда сигаретаси мусодара этилган.
Кейинги йиллар давомида сигареталар контрабандаси жадал ўсмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, у шунчалик юқори даражага етганки, ноқонуний сигареталардан тўланмай қолган солиқлар эвазига давлат 2,5 миллион киши (2500 кичик қишлоқ)ни тоза сув билан таъминлаши мумкин бўларди.
Етказиб берувчилар ва ноқонуний маҳсулот билан савдо қилувчи сотувчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш орқалигина контрабандани енгиш мумкин. Шу сабабли, 2022 йил июнь ойидан ноқонуний тамаки маҳсулоти савдоси учун жавобгарлик кучайтирилди. Энди тамаки маҳсулотларини ноқонуний сотганлик учун, маҳсулот мусодарасидан ташқари, БҲМнинг 50 баравари ва ундан юқори миқдорда жарима белгиланади.
Такрорий қонунбузарлик учун ёки салмоқли миқдордаги ноқонуний айланма учун эса, қуйидагилар кўзда тутилган:
– Жиноий жавобгарлик ва 54 млн сўм ва ундан юқори миқдорда жарима;
– Ахлоқ тузатиш ишлари;
– 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки чеклаш.
Битта ноқонуний пачкадан оладиган фойдангиз бутун бошли бизнесингиз ва озодлигингизга арзийдими?