Валюта курслари 18/07/2025
$1 – 12658.19
UZS – -0.79%
€1 – 14672.11
UZS – -1.0%
₽1 – 161.44
UZS – -1.16%
Қидириш
Иқтисод 17/07/2025 Фарғона водийси фермерлари учун агрохимикатлардан тўғри фойдаланиш бўйича гендерга йўналтирилган тренинг ўтказилди

Фарғона водийси фермерлари учун агрохимикатлардан тўғри фойдаланиш бўйича гендерга йўналтирилган тренинг ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида иссиқхона хўжалигида агрохимикатлардан тўғри фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган техник тренинглар ўтказди. Ушбу тренингларнинг асосий мақсади инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун мавжуд хавфларни камайтириш, шунингдек, аёл фермерларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборат бўлди.

Ушбу ташаббус икки халқаро лойиҳа, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддалар билан хавфсиз муомалани таъминлаш бўйича техник ёрдам”, ҳамда Корея Республикаси томонидан молиялаштирилган “Келажак авлодлар учун ақлли деҳқончилик” лойиҳалари доирасида амалга оширилди.

Пестицидлар нотўғри фойдаланиш заҳарланиш, сурункали касалликлар ва репродуктив саломатликка зарар етказиши мумкин. Бундан ташқари, бу кимёвий моддалар атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар келтиради. Аёллар қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг 40 фоизидан ортиғини ташкил этиб, улар иссиқхона хўжаликларида зараркунандаларга қарши курашда фаол иштирок этадилар. Шунга қарамай, кўплаб аёллар ҳимоя воситалари ва тегишли тренингларга тўлиқ кириш имконига эга эмас.

ФАО томонидан ташкил этилган тренинглар давомида деҳқонлар рухсат этилган кимёвий моддаларни аниқлаш, маҳсулот ёрлиқларини ўқиш, агрохимикатлардан тўғри фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича амалий билимларга эга бўлдилар. Шунингдек, уларга шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартиблари ҳам ўргатилди. Тренингларда аёлларнинг тажриба ва фикрларига алоҳида эътибор қаратилди. Гендерга сезгир ёндашув асосида хавф-хатарлар ҳақида очиқ мулоқот олиб борилди. Натижада, кўплаб аёллар ўз жамоаларида хавфсизлик бўйича етакчи бўлиш имкониятига эга бўлдилар.

Иштирокчилар кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтиришнинг самарали усули сифатида зараркунандаларга қарши интеграциялашган бошқарув (ИПМ) ёндашувини муҳокама қилдилар. Шунингдек, улар пестицид қадоқларини тўғри йўқ қилиш, биринчи ёрдам чораларини кўриш ва агрохимикатлар билан ишлаш бўйича муҳим билимларга эга бўлдилар. Гуруҳли муҳокамалар орқали бу билим ва ечимлар маҳаллий қишлоқ хўжалиги шароитларига қандай мослаштирилиши мумкинлиги юзасидан тажриба алмашилди.

Тренинг сессиялари ФАОнинг миллий экспертлари томонидан олиб борилди. Якунда иштирокчиларнинг билимлари баҳоланди ва уларга сертификатлар топширилди.

ФАО агрохимикатлардан тўғри фойдаланишга доир гендерга инклюзив ёндашув асосидаги таълим орқали Фарғона водийсида хавфсиз, соғлом ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг