8 октябр куни Қўқон шаҳрида Save Aral – 2022 халқаро хайрия оммавий югуриш мусобақаси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув Раиси Кубоги ўйналишининг сўнгги босқичи бўлиб ўтди. Жами, 2022-йилда лойиҳада 50 мингга яқин югуриш ҳаваскорлари, спорт жамиятлари вакиллари ва профессионал спортчилар иштирок этди.
Save Aral оммавий югуриш мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарлигида, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва ҳудудий ҳокимиятларнинг кенг кўмагида ўтказилади.
Кенг жамоатчилик эътиборини Орол денгизи атрофидаги экологик муаммога ва Оролбўйи минтақасини қайта тиклашга жалб қилиш Save Aral хайрия оммавий югуриш мусобақаларини ўтказишнинг асосий ғоясига айланди. Шу билан бир қаторда, аҳоли орасида оммавий спорт ва жисмоний маданиятни оммалаштириш, фуқаролар саломатлигини ошириш ва мустаҳкамлаш, экологик билим бериш ва атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш каби долзарб масалалар ҳам кўтарилади. Анъанавий тарзда, оммавий югуриш мусобақалари доирасида оммавий дарахт экиш бўйича экологик акциялар ўтказиб борилади.
Бугунги кунда Save Aral хайрия оммавий югуриш мусобақалари, республика бўйлаб минглаб инсонларни бирлаштирувчи, Ўзбекистондаги энг оммавий спорт тадбирлари ҳисобланади. Save Aral ижтимоий лойиҳаси 2019-йилдан бошлаб, ёшидан, жинсидан ва жисмоний тайёргарлик даражасидан қатъи назар, хоҳиш билдирган барчани енгил атлетика асослари билан таништириб келмоқда. Спорт тадбирининг энг ёш ва тажрибали югурувчилари учун махсус номинация яратилган - «Энг ёш иштирокчи» ва «Энг ёши катта иштирокчи». Ногиронлиги бўлган югурувчилар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги кўмагида Save Aral оммавий югуриш мусобақаларида «Ғалабага иродаси учун» номинациясида доимий асосда иштирок этмоқда.
Save Aral лойиҳасининг концепцияси йилдан йилга кенгаймоқда ва оммавий югуриш мусобақаларининг янги форматлари жорий этилмоқда. 2021 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистонда илк маротаба фонарчалар билан кечки оммавий югуриш мусобақаси ташкил этилиб, дунё бўйлаб энг машҳур бўлган эстафета – экиден ўтказилди.
Ушбу 2022-йил республиканинг энг йирик саноат мажмуаларида илк экспериментал оммавий югуриш мусобақасининг ўтказилиши билан эсда қолади. «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбариятининг ташаббуси билан Қашқадарёдаги Узбекистан GTL ва Бухаро нефтни қайта ишлаш заводи атрофида оммавий югуриш мусобақалари ташкил этилди. Ушбу йили ҳар бир оммавий югуриш мусобақасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибий тузилмаларининг ходимлари иштирок этмоқда. «Save Aral» спорт ҳаракатига корпоратив секторни фаол жалб қилиш мақсадида нефт-газ соҳасининг ходимлари учун махсус номинация жорий этилди.
«Югуриш – бу енгил атлетика асоси, - деб таъкидлайди Енгил атлетика федерацияси раисининг ўринбосари Андрей Абдувалиев, - Югуришнинг, аҳоли орасида оммавий маданий ва спорт ҳодисаси сифатида оммалаштирилиши, шубҳасиз келгусида Ўзбекистонда енгил атлетиканинг ривожланишига таъсир қилади. «Save Aral» лойиҳаси келажакда юртимизнинг енгил атлетика бўйича терма жамоасининг таркибига кирувчи истеъдодли ва қобилиятли спортчиларни аниқлаб олишга қаратилган. Биз Тошкентда фаол югуриш ҳамжамиятлари мавжудлигини кузатяпмиз, аммо, эътиборни ҳудудларга қаратиш, у ерда ҳам югуриш билан шуғулланиш, югуриш клубларини яратиш имконияти борлигини кўрсатиш зарур».
Шундай тарзда, ўтган йилнинг сентябр ойида, Самарқанд шаҳрида енгил атлетиканинг барча турлари билан профессионал даражада шуғулланиш учун тўлиқ жиҳозланган, қайта қурилган «Афросиёб» спорт мажмуасининг очилиши бўлиб ўтди. Спорт мажмуасини қуриш бўйича лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган. Ўзбекистон енгил атлетикаси тарихидаги ушбу ниҳоятда муҳим воқеа Самарқанддаги стадион атрофида Save Aral – 2022 байрамона оммавий югуриш мусобақаси билан нишонланди.
Фарғона водийсида ҳам ёш авлод орасида енгил атлетикани машҳур спорт тури сифатида ривожлантириш борасида катта салоҳият мавжуд. Ташкилотчилар томонидан Фарғона водийси бўйлаб Тўрақўрғон, Шаҳрихон, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида 4 та оммавий югуриш мусобақасини ўтказиш қарори қабул қилинди. Ҳар бир шаҳарда югуриш мусобақасига 3 мингдан зиёд югурувчилар қўшилди. Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимиятларининг раҳбарлари ва ходимлари соғлом турмуш тарзини фаол қўллаб-қувватлаб, маҳаллий аҳолига ўрнак бўлган ҳолда, ҳар йили оммавий спорт тадбирларида иштирок этмоқда.
Ушбу йили Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида минглаб фуқаролар Save Aral – 2022 лойиҳаси доирасида Орол денгизини қутқариш ва миллат саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида қадам босдилар.