Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 22/09/2023 Фарғона вилояти делегациясининг Хитойга амалий ташрифи давомида 1,37 млрд. доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди
Фарғона вилояти делегациясининг Хитойга амалий ташрифи давомида 1,37 млрд. доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни кўзда тутган Хитойга амалий ташрифи давомида жами 32 та, шундан умумий қиймати 1,37 млрд. доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди.

Чэнду шаҳрида 95 нафар хитойлик инвестор иштирокида ташкилланган Фарғона вилояти ва Сичуань провинцияси инвестициялар, саноат ва савдо ҳамкорлиги Форуми, Сямэнь шаҳрида бўлиб ўтган Х «Марказий Осиё-Хитой ҳамкорлиги» форуми доирасида 60 нафар хитойлик ишбилармонлар иштирокида ўтказилган панел сессия, шунингдек, Пекин шаҳрида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида 28 та, Гуанжоу шаҳрида 18 та йирик компаниялар вакиллари билан ўтказилган G2B ва B2B форматидаги бизнес учрашувлар натижасида имзоланган ушбу ҳужжатлар Фарғона вилояти ва Хитой ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

«China Power International», «CAMC Engineering Co.», «Shaanxi Xiangsheng Industrial Group», «China Huadian Engineering Company» билан Бешариқ ва Фарғона туманларида фотоэлектрик станциялар қуриш учун умумий қиймати 1,0 млрд. доллар бўлган 4 та лойиҳа бўйича ҳужжат имзоланди.

Саноат соҳасида мисдан тайёр маҳсулот, қишлоқ хўжалиги техникаси, болалар тагликлари, кафель, керамогранит, темир профиллар ишлаб чиқариш каби йўналишларда умумий қиймати 112 млн. доллар бўлган 7 та лойиҳа доирасида келишувлар имзоланди. Бунда «Jianhua Ceramics» компанияси томонидан «Қўқон» ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган қиймати 25 млн. долларлик юқори сифатли ва турли ўлчовдаги кафеллар ишлаб чиқариш лойиҳасини алоҳида қайд этиш лозим.

Чарм-пойабзал ва мебелсозлик бўйича умумий қиймати 26 млн. доллар бўлган 7 та, шу жумладан, Фошан шаҳар мебелчилар уюшмасига аъзо корхоналар томонидан Тошлоқ туманида лойиҳа қиймати 10 млн. доллар бўлган мебель ишлаб чиқариш корхонаси ва шоурум қуриш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

«DongFeng Special Car Сompany» билан имзоланган келишув бўйича Фурқат туманида 2 босқичда йиллик қуввати 1000 дона, қиймати 100 млн. долларлик электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Бу лойиҳа ортидан қиймати 50 млн. долларлик электромобилларни қувватлаш ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун «Tunghsu Group» компанияси, қиймати 30 млн. долларлик «Dongfeng» электробусларига аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан «Jiangxi Anchi New Energy Technology Co. Ltd» компаниялари Фарғона вилоятига кириб келмоқда.

Бағдоддаги «White Chicken House» МЧЖ ва Хитойнинг «China Broken Shield Ltd» компаниялари ўртасида парранда гўштлари ва иккиламчи қисмларини Хитойга экспортини йўлга қўйиш учун инвестиция киритиш (5 млн. доллар), мавжуд объектни мослаштириш бўйича келишувга эришилди.

Юқоридагилардан ташқари, сунъий балиқ ҳавзаларига интенсив технологияни қўллаб ҳосилдорликни ошириш, ҳамда балиқчилик ховузлари устига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича «Taijia Industry (Shenzhen) Co., Ltd» компанияси билан музокаралар олиб борилди. Компания раҳбари бошчилигида инвесторлар гуруҳи келгуси ойларда Фарғона вилоятига келиб ўрганиш ишларини бошлайди.

Вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ҳамда «Кампиробод» сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳалари борасида Хитойнинг «SINOMASH» холдинги билан дастлабки келишувларга эришилди.

Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 млн. долларгача миқдорда ёки эквалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Делегация томонидан «Zhiyuanhui Information Technology Inc.» компанияси билан Фарғона шаҳрида «ақлли шаҳар» тизими асосида рақамлаштириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди. Хитой томони бу лойиҳани 2 та МФЙ ҳудудида синов тариқасида беғараз амалга ошириб бериши билдирилмоқда.

Пекин шаҳридаги энг йирик мева-сабзавот савдо комплекси бўлган Синьфади раҳбарияти билан Фарғона вилоятида етиштириладиган мева ва сабзавот маҳсулотларини тўғридан тўғри экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилиб, дастлабки келишувларга эришилди.

Ташриф давомида келишувга эришилган 12 та компания раҳбариятининг жорий йил сентябрь-октябрь ойларида Фарғона шаҳрига етиб бориши режалаштирилди.

Фарғона вилояти делегацияси Хитой Халқ Республикасига ташрифини якунлаб Фарғонага қайтиб келди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг