Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 05/10/2020 Фаолиятимизга танқидий назар билан баҳо бериш ишимизда бурилиш ясайди
Фаолиятимизга танқидий назар билан баҳо бериш ишимизда бурилиш ясайди

Юртимизда таълим тизими чин маънода халқ ҳаракатига айланди. Ана шу ҳаракатнинг амалий ифодаси сифатида сўнгги икки йилда 556 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 77 та янги мактаб қурилди. 1 минг 930 та мактабда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Давлатимиз раҳбари эса бу борадаги ислоҳотларга бағишланган очиқ дарсни ўтиб берди. Унда миллий таълимни 4 устунга асосланиши таъкидланди. Яъни, мактабгача таълим, мактаб, олий ўқув юрти ва илмий муассасалар бу тизимнинг бош устуни экани қайд этилди. Шунга қўшимча равишда ота-оналар ва уларнинг фарзандларига бўлган эътибор бешинчи устун эканига урғу берилди. Ўқитувчининг зиммасидаги масъулиятли вазифаси эътироф этилиб, уларнинг заҳмати, машаққатли вазифаларига эътибор қаратилди.

Ҳеч кимга сир бўлмаган бир ҳақиқатни таъкидламоқчимиз. Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Шундай экан, уларга таяниб, янги давр, замонавий таълим пойдеворини яратишимиз мумкин. Зеро, янги Ўзбекистон таълимга, илму маърифатга асосланиши керак. Демак, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда имкониятлар етарли. Фақатгина улардан қай даражада фойдалани олишимиз, оқилона, ўйлаб қадам ташлашимиз муҳим эканини унутмаслигимиз зарур.

Айтиш керакки, кейинги пайтда таълим соҳасида мутлақо янги тизим яратиш мақсадида Президент ва ижод мактаблари ташкил этила бошланди. Уларнинг зиммасига барча умумтаълим мактаблари учун ўрнак ва андоза бўлиш вазифаси юклатилган. Бир ҳақиқатни тан олиш зарур. Айни пайтда турли сабаблар билан бу борадаги кутилган жонбозлик ва ташаббускорлик кўрсата олмадик. Лекин зиммамизда катта масъулият ҳамда мажбурият борлигини ҳис қилиб турибмиз. Олдинда қилиниши керак бўлган вазифаларимиз бисёр. Чунки шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан доимо изланиб, ташаббус кўрсатиб, янгича ишлашни талаб этмоқда. Демак, кўзлаган мақсадларимизга эришиш учун, мактабнинг ҳам, унда фаолият олиб бораётганларнинг ҳам масъулиятини оширадиган вақт келди. Бу бугунги куннинг талаби ва кечиктириб бўлмас шартидир.

Биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини, тажрибасини ошириш керак. Бунинг учун бор имкониятларни ишга солиш зарур. Айни пайтда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги таркибидаги айрим мактабларда хорижий педагогларни жалб қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш амалиёти йўлга қўйилган. Келгусида мазкур тажрибани оммалаштириш, ҳар бир мактабда бу усулни қўллаш керак. Фақат шунинг ўзигина эмас. Юртимиз ўқитувчиларини хорижга малака ошириш учун юбориш ҳам иш самарадорлигига ҳисса қўшади, деб ўйлайман.

Шу ўринда кўпчилик учун муҳим ва қизиқ бўлган бир масалага тўхталмоқчиман. Куни кеча давлатимиз раҳбари таъкидлаган савол, яъни нима учун аксарият мактабларимиз 11 йил ўқитган ўқувчилар олийгоҳга кира олмаяпти-ю, репетитор 2 йилда бунга эришяпти? Аслида бу ачинарли ҳолат ҳисобланади. Чунки юртимизда 11 йиллик бепул мажбурий таълим йўлга қўйилган ва давлат бунинг учун ҳар йили миллиардлаб маблағ сарфлайди. Бир неча йиллар берилган билимнинг самарасизлигига ким жавобгар? Бу ҳақда ҳар биримиз бош қотиришимиз шарт. Ҳар бир мактаб ўқитувчиси, жамоаси ва директорини, ҳар қайси виждонли педагогни ушбу савол ўйлантириши зарур. Акс ҳолда, ўқувчининг 11 йил умрини ўтказган мактабга ва унда муносиб таълим берилишига ишончи сўнади. Ота-оналарда мактаб олдидаги масъулият йўқолади. Умуман, сарфланган маблағ ҳам, вақт ҳам зое кетади. Натижада жамиятимизда чинакам саводлилар етишмовчилиги давом этаверади.

Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда жуда муҳим бир масалани қайд этди. Энди мактаб жамоатчилик олдида ҳисобот берадиган бўлиши айтилди. Бундан буён мактабни битирган ўқувчи олийгоҳга кириши керак ёки мактаб давридаёқ бирор-бир касб-ҳунарга эга бўлиши шарт. Айнан шу мезон асосида мактаб жамоаси ва директори фаолиятига баҳо берилади. Табиийки, бундан биз соҳа мутахассислари ўзимиз учун тегишли хулоса чиқариб олишимиз талаб этилади. Хусусан, кичик ютуқларимиздан ҳаволаниб кетмаслик, ҳамиша ишимизга танқидий назар билан қараш орқали фаолиятимизда ижобий ўзгариш кузатилади. Олий маълумотлиман, малакам етарли, тажрибам бор ўқишим, ўрганишим шарт эмас, деган инсон хато қилади. Зеро, илмни ўрганиб тугатиб бўлмайди, вақт ўтгани сайин янгиланиб боради. Шунингдек, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, умуман, меъёрий ҳужжатларни яхши билиш, уларни ҳаётга тадбиқ этиш орқали ҳам самарадорликка эришиш мумкин.

Яна бир масала. Бугунги кун ўқитувчиси, тарбиячиси, педагоги таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта олиши зарур. Шу билан бирга, улардан чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз, жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлиши лозим. Бу ҳақда чуқур, виждонан ўйлаганда, қилишимиз керак бўлган ишлар, ҳали кўп ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз зарурлигини ҳис этамиз.

Шу ўринда Агентлик тизимидаги муассасалар ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан. Таълимга янгича ёндашувга таянган ҳолда ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда 9 та ижод мактаблари она тили ва адабиёт ҳамда хорижий тилларни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган бўлиб, улар Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги йирик шаҳарларда жойлашган. Лекин айрим ҳудудларда мавжуд бўлмаган мактаблар бунёд этилади. Келгусида Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида ижод мактабларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, 2021 йилда  Бухоро вилоятида Мухтор Ашрафий, Сурхондарё вилоятида Рўзи Чориев номидаги ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилади. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир ҳудудда иқтидорли болаларни қамраб олиш имкони ортади. Мисол учун, яқин келажакда Навоий, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ҳам ижод мактабларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу орқали ижодкор ўқувчилар учун ҳам замонавий шарт-шароитларда она тили ва адабиёт ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим олиш имконияти яратилади.

Эътиборли жиҳати, ижод мактабларида она тили ва адабиёт, чет тили фанларидан ташқари, тасвирий санъат, компьютер графикаси, дизайн, мусиқа  каби йўналишларини ҳам чуқурлаштириб ўқитиш йўлга қўйилади.

Шугина эмас албатта. Аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактабларни кўпайтириш чора-тадбирлари ҳам белгиланган бўлиб, уларда ўқувчилар тор доирадаги мутахассисликка тайёрланади. Жумладан, у ерда  кимё, биология, математика, физика ва ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитилади. Ҳозирда пойтахтимизда 3 та ана шундай таълим муассасаларида юзлаб ўғил-қизлар таҳсил олмоқда. Ушбу мактабларда ихтисослаштирилган фанлар учун 7-11-синф ҳажмида ҳафтасига 25 соат ажратилиб, уларнинг ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилди.

Бу ишларнинг давоми сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига  ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Шу билан бирга, математика фанига чуқур ўргатиладиган мактабларни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Келгуси режаларимиз, амалга оширишимиз керак бўлган вазифалар кўлами жуда кенг. Зиммамизда катта масъулият турибди. Кўзланган мақсадларни самарали якунлаш учун хатоларимиздан тўғри хулоса чиқариб олишимиз, ютуқлардан ҳаволанмаслик лозим. Ана шунда ишимизда унум бўлади, натижа кўринади.

Қуруқ гапларга алданмасдан олдимизга аниқ режа қўйиб, ана шу асосда иш ташкил қилиш лозим. Бунинг учун айрим ўқитиш услубларига ўзгартириш киритиш талаб этилади. Масалан, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси мураккаб тузилгани, уларда назарий билимлар амалиёт билан боғланмагани, ўқув дастурларида узвийликнинг йўқлиги, дарсликларнинг мазмуни ва сифати қониқарсиз экани ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Амалдаги таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари асосан ўқувчини таълимнинг навбатдаги босқичига тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, уларни эркин фикрлаш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолмоқда. Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун, хорижий экспертлар ҳамда тажрибали ўқитувчиларни кенг жалб қилган ҳолда, умумий таълимнинг Миллий ўқув дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш, жорий ўқув йили давомида уни илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида синовдан ўтказиш керак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) директори Сарвар Бабаходжаев

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг