Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 28/02/2024 ФАО ва USAID Ўзбекистонда ҳайвонлар саломатлигини таъминлаш учун кучларни бирлаштирмоқдалар
ФАО ва USAID Ўзбекистонда ҳайвонлар саломатлигини таъминлаш учун кучларни бирлаштирмоқдалар

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда ФАО Трансчегаравий ҳайвонлар касалликлари бўйича шошилинч маркази (ECTAD) томонидан USAID «Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастури» доирасида амалга ошириладиган янги лойиҳани бошладилар.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистоннинг ҳайвонлар ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган турли таҳдидларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга ўз вақтида жавоб бериш салоҳиятини оширишдан иборат. ФАО ECTAD лойиҳасининг кириш семинарида қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат тармоғи вакиллари, ветеринария ва чорвачилик соҳаси мутахассислари, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, миллий илмий-тадқиқот институтлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Семинарда «Глобал саломатлик хавфсизлиги - Ўзбекистонда ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш, «ягона саломатлик» ва антимикроб резистентлик борасида салоҳиятни ошириш ва зооноз таҳдидларни юмшатиш» лойиҳасининг мақсадлари тақдим этилди, йиллик иш режаси тасдиқланди ва ушбу ташаббусни амалга оширишдаги асосий тадбирлар ва устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров таъкидлаганидек: «Чорвачилик қишлоқ аҳолиси салмоқли қисмининг даромад манбаи бўлиб, Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Инсон саломатлиги, уй ва ёввойи ҳайвонлар, ўсимликлар ва экотизимлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. ФАО ушбу ташаббусни инсон, ҳайвон, ўсимлик ва атроф-муҳит саломатлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш доирасида қўллаб-қувватлайди».
Ўзбекистоннинг иқлим шароити ва географик жойлашуви чорвачиликни қишлоқ хўжалигидаги устувор ўрнини белгилайди. Қорамол, қўй, эчки, парранда ва отлар гўшт ва сут ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган иқтисодий жиҳатдан энг самарали турлардир.

COVID-19 пандемияси шуни кўрсатдики, зоонозлар (ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар) нисбатан қисқа вақт ичида бирор мамлакат ёки минтақага етиб бориши ва кенг тарқалиши мумкин. Миллий, минтақавий ва глобал даражада кўп тармоқли “Ягона саломатлик” ёндашувининг жорий этилиши касалликларнинг самарали олдини олиш ва назорат қилишга ёрдам беради, чунки янги юқумли касалликларнинг аксарияти ҳайвонлардан келиб чиқади. “Ягона саломатлик” ёндашувини амалга ошириш юзага келиши мумкин бўлган инқирозларга тайёргарликни ошириш хамда одамлар, ҳайвонлар ва атроф-муҳитнинг ўзаро таъсиридан келиб чиқадиган соғлиқ учун хавфларни камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга имкон беради, бу эса ўз навбатида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ва озиқ-овқат тизимларининг барқарорлиги таъминлашга ёрдам беради.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ҳайвонлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Улар аҳолининг энг заиф қатламлари учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш учун фундаментал асосдир. Шу билан бирга, ҳайвонлар саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлиги соҳасида биргаликдаги ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг