«Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» - бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан 2022 йил апрель ойида амалга оширилиши бошланган қўшма лойиҳасининг номи. Лойиҳа БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилади ва қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш орқали Фарғона водийси орқали ўтадиган чегаранинг ҳар икки томонида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш алоҳида эътибор марказида бўлади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, ижтимоий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Қирғизистон Республикаси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация таркибига FAO ва UNFPAнинг Қирғизистондаги ваколатхоналари ходимлари, лойиҳа бенефициарлари, шунингдек, Enactus Kyrgyzstan ташкилоти ва Foundation for Tolerance International жамғармаси ходимлари кирди.
Ташриф давомида меҳмонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг йирик тадбир бўлган «UzAgroExpo-2022» халқаро кўргазмасини бориб кўришди. Ушбу кўргазмада замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган турли ташкилотларнинг кенг турдаги товар ва хизматлари, деҳқончичилик, чорвачилик, ветеринария, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ташиш ва сақлаш учун ускуналар, технологиялар ва материаллар намойиш этилди.
«Дунёда Марказий Осиёдаги каби давлатлар бир-бири билан чамбарчас боғланган минтақалар кам. Трансчегаравий ҳамкорлик яқин иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни ривожлантиради ва тараққиёт учун қўшимча имкониятлар яратади. Биз чегарадош ҳудудлар аҳолисининг иқлимга мослашлаштирилган қишлоқ хўжалиги бўйича кўникмаларини ошириш ҳамда улар салоҳиятини сафарбар этиш орқали мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнашига замин яратмоқдамиз», - деб таъкидлади, ФАОнинг Қирғизистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Динара Рахманова.
Делегация аъзолари Фарғона вилоятининг Фарғона туманида ФАОнинг «Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик» лойиҳаси натижалари билан танишдилар. Лойиҳа туфайли илғор технологияларни кичик уй хўжаликларида жорий қилиш имконияти яратилди. Меҳмонлар лойиҳа доирасида илмий ёндашув ва замонавий технологиялар асосида мақбуллаштирилган ва ҳозирда қишлоқ аҳолисини барқарор даромад манбаи билан таъминлайдиган иссиқхоналар имкониятларини юқори баҳоладилар. Икки мамлакат уй хўжаликлари вакиллари ўзаро фикр, тажриба алмашиш ва ўзларининг муваффақиятли натижалари билан ўртоқлашиш имкониятига эга бўлдилар. Ташриф давомида меҳмонлар машҳур Олтиариқ узумлари етиштириладиган Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ҳам бўлишди. Мақсадли жамоаларнинг бенефициарлари маҳсулот ишлаб чиқариш ва сақлаш технологияларини яқиндан ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.
Делегация иштирокчиларидан бири, ўзаро ёрдам гуруҳи раҳбари, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Қашқа-Сув қишлоғи айил ўкмўтунинг ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Гулоиша Оқматова ташриф таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, саёҳат давомида у катта мотивация ва янги билимларга эга бўлди.
«Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида бўлиб, узумзорларни ва мева-сабзавот маҳсулотларни сақловчи совутгичли омборхоналарни, Фарғона туманида эса сабзавот ва лимон етиштирувчи иссиқхоналарни кўрдик. Ташриф давомида бизга иссиқхонани бошқаришнинг қурилишдан тортиб то суғориш билан тугайдиган барча жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ташриф менга кўплаб янги ғояларни кашф қилишга ёрдам берди ва мен ўз билимларимни бошқалар билан баҳам кўришдан хурсанд бўламан. Мен ўз қишлоғим аҳолисига лойиҳа ҳақида айтиб беришда давом этаман, чунки иштирокчи сифатида бизнинг асосий мақсадимиз қўшни Ўзбекистон билан биргаликда ривожланиш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашдир», - деди Гулоиша Оқматова.
Ташриф давомида яна бир муҳим воқеа гендер тенглиги масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлди. Мазкур тадбир UNFPA томонидан Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси билан ҳамкорликда Наманган вилояти Косонсой туманида ташкил этилди. Мутахассислар Исломнинг гендер жиҳатлари ҳақида гапириб, аёлларнинг исломдаги мавқеи, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва шу каби анъаналар, урф-одатлар ва маданий қадриятлар билан бирлаштирилган икки мамлакат вакилларига тегишли бўлган бошқа ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, аёллар ва ёшлар тинчлик ўрнатиш жараёнларидан манфаатдор асосий ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланган «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» лойиҳасини амалга оширишда гендер тенглигини таъминлаш алоҳида ўрин тутади.
Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва дўстликни янада мустаҳкамлашда яна бир қадам бўлди.