Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 03/03/2023 ФАО ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда билим, инновация ва рақамли қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватламоқда
ФАО ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда билим, инновация ва рақамли қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватламоқда

2023 йил 1-2 март кунлари Тошкентда «Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини билим, инновациялар ва рақамлаштириш орқали трансформация қилиш» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда миллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини инновация ва рақамлаштиришнинг ҳозирги ҳолати билан танишиш ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.

Семинарда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилиш учун зарурий шарт-шароитларни яратиш» лойиҳаси расмий равишда ишга туширилди. Лойиҳа инновацияларни жорий этиш ва бутун қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат секторини рақамли ўзгартириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Инновацион ва рақамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ҳамкорликни кенгайтириш ва фермерлар, тадбиркорлар ўртасида ўзаро билим алмашишни такомиллаштириш, миллий ва маҳаллий даражада илмий-маслаҳат хизматлари бўйича аниқ тасаввур ва йўл харитасига эга бўлиш лойиҳа олдига қўйилган вазифалардан биридир (Фарғона водийси лойиҳа ҳудуди сифатида танланган).

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-2021 йилларда имзоланган «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида»ги фармонларини амалга оширишга ёрдам беради.

Мутахассислар ўз чиқишларида ҳамкорлик ва ўзаро синергия имкониятлари ҳақида гапириб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шу билан бирга, тақдимотларда ФАОнинг роли агро-озиқ-овқат тизимларига таъсир кўрсатадиган рақамли ва бошқа янгиликларни тарғиб қилишдан иборат эканлиги таъкидланди. ФАО қишлоқ уй хўжаликларини кучайтириш ва тадбиркорликни рағбатлантириш учун янги хизматлар, воситалар ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ёрдам беради.

ФАОнинг тараққиёт учун коммуникациялар бўйича ходими Софи Треинен таъкидлаганидек, «Барча иштирокчилар фермерлар, давлат, хусусий ёки академик сектор вакиллари бўладими, улар миллий, минтақавий ёки туман даражасида жараёнга жалб қилиниши лозим. Бизнинг шиоримиз ҳеч кимни ортда қолдирмасликдир, шунинг учун биз нафақат турли муассасалар, балки жамоалар, ёшлар, аёллар ва қариялар билан ҳам мулоқот қилишимиз зарур. Шунингдек, биз авлодлар ўртасида билим алмашинувини таъминлашимиз керак».

Семинар иштирокчиларга ўзаро тажриба алмашиш ва барча томонларнинг қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш, инновациялар ва рақамлаштириш бўйича умумий мақсадга эришиш йўлларини аниқлаш учун яхши имконият яратди. Давлат органлари ва халқаро ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Семинар давомида инновациялар ва рақамлаштириш бўйича иккита кўп томонлама ишчи гуруҳ тузилди ва уларнинг аъзолари белгиланди.

Семинарнинг биринчи куни «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялари тизимининг миллий мувофиқлаштирувчи платформасини ишга тушириш» мавзусида ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тадқиқотлари, таълим ва маслаҳат хизматларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Қишлоқ хўжалигини рақамли ўзгартириш масалалари кўриб чиқилган иккинчи куннинг мавзуси «Ўзбекистон учун агро–озиқ-овқат соҳасини рақамлаштириш стратегиясини ишлаб чиқишнинг бошланиши» бўлди.

Инклюзив сиёсат ва заиф аҳолининг илғор технологиялар ва инновацияларга жалб қилиниши ФАО мандатининг Марказий қисми бўлган гендер тенглиги учун катта имкониятлар яратади. Шуниси эътиборга лойиқки, 2023 йил 8 март-Халқаро хотин-қизлар кунининг мавзуси «DigitALL: gender тенглиги учун инновациялар ва технологиялар» деб белгиланганлиги қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш қишлоқ аёллари, шунингдек, ёшлар ва кекса авлод манфаатлари учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидлайди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг