Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 31/01/2023 ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари: Ўзбекистон тажрибаси
ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари: Ўзбекистон тажрибаси

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Табиий ресурслар вазирлиги, Тошкент Давлат аграр университети ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация Бокуда (Озарбайжон Республикаси) бўлиб ўтган минтақавий семинарда иштирок этди. Семинар давомида ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари доирасида кейинги йилларда амалга оширилган лойиҳаларининг натижалари ва муваффақиятлари муҳокама қилинди. Тадбирда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари алоқадор ташкилот ҳамда муассасаларининг юқори мартабали вакиллари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон ФАО-Туркия ҳамкорлик дастурлари доирасида 8 та минтақавий лойиҳани амалга оширишда иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Халқаро молия институтларининг грантлари ва лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Рамин Гасанов ўтказилган минтақавий семинардаги нутқида “Биз қишлоқ жойларида озиқ-овқат хавфсизлиги ва қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшадиган ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари лойиҳаларини жуда қадрлаймиз. Ўзбекистон ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари барча бенефициарлари билан мукаммал икки томонлама сиёсий ва иқтисодий алоқаларни олиб бормоқда. Биз ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурларини тажриба алмашиш, салоҳиятни ошириш ва технологияларни ривожлантириш учун ажойиб платформа сифатида тан оламиз”, деб қайд этди.

Семинар давомида гендер масалалари ва қишлоқларни ривожлантириш, шунингдек, ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари истиқболига алоҳида эътибор қаратилиб, илғор тажрибалар лойиҳанинг муваффақиятини қандай таъминлаши мумкинлигини кўрсатадиган муҳокамалар бўлиб ўтди. Муҳокамаларда сўзга чиққан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров Ўзбекистонда ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ш. Умаров ишлаб чиқариш, овқатланиш, атроф-муҳит ва ҳаёт сифати соҳасидаги инновациялар ва ФАОнинг «Такомиллаштиришнинг тўрт йўналиши» концепцияси ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар бўйича муҳокамаларда иштирок этди. 

«ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурларининг барча лойиҳалари 2021-2025 йилларга мўлжалланган ФАО-Ўзбекистон ҳамкорлик дастурига ва тегишли тармоқларда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришишга қаратилган мамлакатнинг миллий устувор йўналишларига мос келади. Шу муносабат билан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу ҳамкорлик жараёнига ҳисса қўшиш, миллий ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонлар билан биргаликда ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурларини мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширишни таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда», - деди Шерзод Умаров.

Сўнгги муҳокама ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари доирасидаги алоқа ва ахборотлаштириш фаолиятига бағишланди, унда Ўзбекистонда ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари ютуқлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ўтказилган тадбирлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўтказилган минтақавий семинар иштирокчилари йўлга қўйилган минтақавий ҳамкорлик ва синергия ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурларига барқарор ривожланиш мақсадларига, хусусан, қашшоқлик ва очликни бартараф этиш мақсадларига эришишнинг самарали воситаси сифатида фаолият юритишига имкон беришида якдил эканликларини билдирдилар.

Малумот учун: Туркиянинг ФАО билан узоқ йиллик тажрибасига асосланган ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари, айниқса, бенефициар мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва табиий ресурсларни бошқаришга сезиларли таъсир кўрсатади. Ҳозирги вақтда ФАО-Туркия Ҳамкорлик Дастурлари қуйидаги иккита модулни ўз ичига олади: озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ФАО-Туркия ҳамкорлик дастури ва Ўрмон хўжалиги соҳасидаги ФАО-Туркия ҳамкорлик дастури. Дастурлар балиқчилик, ўрмон хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг йўқотилиши ва бузилиши, шунингдек қишлоқ аёллари манфаатларини ўз ичига олган 20 та лойиҳани қамраб олади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг