Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 05/10/2023 ФАО томонидан Қамаши туманидаги қишлоқ аҳолисига кўчма уруғ тозалаш заводи топширилди
ФАО томонидан Қамаши туманидаги қишлоқ аҳолисига кўчма уруғ тозалаш заводи топширилди

Уруғчилик қишлоқ хўжалигининг энг муҳим соҳаси ва саноатни ривожлантириш омилидир. Юқори ҳосилдор навларнинг уруғларини етиштириш яхши ҳосил олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини оширишнинг асосий шарти ҳисобланади.

Бироқ, уруғларни кўпайтириш пайтида механик шикастланиш, ўзаро чангланиш, сегрегация, мутация ва бошқа жараёнлар натижасида вақт ўтиши билан генетик тозалик бузилади. Шунинг учун сертификатланган ўсимлик навларини ишлаб чиқариш учун асос бўладиган уруғларини вақти-вақти билан янгилаб туриш керак. Кўпгина фермерлар уруғларни бозор нархларида етказиб бериш ва кўпроқ фойда олиш учун сертификатланган уруғларни ишлаб чиқаришдан манфаатдор.

Уруғчиликнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Сара Уруғ Янги Ҳаёт» қишлоқ хўжалиги кооперативига янги замонавий ускуна-уруғларни тозалаш учун кўчма кичик заводини топширди. Бу уруғ етиштириш муаммоларини нисбатан тез ва кам харажат билан ҳал қилиш имконини беради. Кўчма завод ихчамлигига қарамай, юқори сифатли уруғларни ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларини тўлиқ бажаришга қодир.

«Ушбу қурилма ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун катта салоҳият ва истиқболларга эга. Кўчма уруғ тозалагичнинг ишлаш жараёнида уруғлик материалларидан ҳажми ва шакли бўйича йирик уруғлар сараланади. Бунда уруғликни механик зарарламайдиган технологиялар қўлланилади. Чанг, қобиқ, майда бегона ўт уруғлари каби енгил аралашмалар олиб ташланади ва натижада биз сифатли уруғларни оламиз»,-дейди CACILM-2 лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Ускуна топширилган «Сара Уруғ Янги Ҳаёт» қишлоқ хўжалиги кооперативи 20 га яқин фермер хўжаликларини бирлаштиради. Кўчма завод 10 минг гектар экин майдонида етиштирилган уруғликни қайта ишлаш имконини беради.

Янги ускуна нафақат меҳнат унумдорлигини ошириш, балки вақт ва ресурсларни сезиларли даражада тежаш, фермерлар даромадини ошириши кутилмоқда. Мутахассислар таъкидлаганидек, машина буғдой, мош, шоли, маккажўхори, нўхат, тариқ, кунгабоқар, соя, арпа, мойли экинлар уруғларини, шунингдек, қаҳва ва ем-хашак экинлари ҳамда сабзавот уруғларини ҳам қайта ишлаши мумкин.

Ёрдам ФАОнинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида тақдим этилди. Лойиҳа Глобал Экологик Жамғарма томонидан молиялаштирилиб, Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У Ўзбекистоннинг шўрланган ва қурғоқчиликка мойил ерларида ҳосилдорликни оширишга кўмаклашиш учун мўлжалланган. Лойиҳа ҳудудларига Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани ва Бухоро вилоятининг Бухоро туманлари киради. Ушбу туманларда лойиҳа томонидан қурғоқчиликка ва шўрга чидамли қишлоқ хўжалиги экинларини кўпайтириш бўйича турли тадбирларни амалга оширилмоқда, қурғоқчилик ва шўрланиш таъсирини камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда қишлоқ хўжалигида мақбул технологияларига ўтиш бўйича инновацион ёндашув ва технологиялар жорий этилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг