Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 26/10/2021 ФАО қишлоқ аёлларини янги даромад манбаларини топишга ўргатади
ФАО қишлоқ аёлларини янги даромад манбаларини топишга ўргатади

Бухоро ва Навоий вилоятларининг қишлоқ аёллари бизнес ва ҳунармандчилик маҳорати бўйича ўқув-семинарларда иштирок этиш орқали муқобил даромад олиш имкониятларини кашф этдилар. Ўқув машғулотлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан CADI (Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус) лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

«Ташкилотимиз мандатида гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш муҳим ўрин тутади. ФАО аёлларни ўз оилалари даромадларини ошириш учун муқобил даромад келтирадиган фаолиятга жалб қилади. Бу уларнинг мўътадил чўлларда яйлов ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига бўлган қарамлигини камайтиради. Бу маънода анъанавий ҳунармандчиликнинг тикланиши, айниқса, муҳимдир, чунки бозорда бундай маҳсулотларга талаб юқори», - дея таъкидлайди CADI лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий координатори Наримон Нишонов.

Ўқув машғулотларида Навоий вилояти Нурота тумани Чуя қишлоғи ва Бухоро вилояти Қоракўл тумани Дўрмон қишлоғидан жами 57 нафар хотин-қизлар иштирок этди. Машғулотлар каштачилик ва анъанавий ҳунармандчилик бўйича усталари томонидан олиб борилди. Улардан бири Марказий Осиё давлатлари ҳунармандларини қўллаб-қувватлаш уюшмасининг Ўзбекистондаги вице-президенти Матлюба Бозорова. У машғулот иштирокчиларига ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатда мавжуд имтиёзлар ҳақида маълумот берди, қандай қилиб бизнес бошлаш, шунингдек, уйда маркетинг ва иш яратиш асослари ҳақида ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашди.

Уч кунлик дарс давомида қишлоқ аёллари тикувчилик, жун кўрпа ва миллий каштачилик асосларини ҳам ўргандилар. Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар миллий ва замонавий мода йўналишларини бирлаштириб, ёстиқчалар, чопонлар, курткалар, сумка ва кўрпачалар тикишди. Уста Венера Калимуллина уларга жундан кўрпа тайёрлашдаги жунни саралаш, ювиш ва қуритиш ҳамда тикиш жараёнларининг барча сир-асрорларини ўргатди.

«Тренингда қатнашиш учун, асосан, "темир дафтарда" – ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар рўйхатида бўлган аёллар танлаб олинди. Умид қиламизки, улар олган билим ва кўникмалари туфайли бундан буён қўшимча даромад олишади ва ўз оилалари фаровонлигини яхшилашади», - дейди уста Венера Калимуллина.

Эслатиб ўтамиз, тренинглар ташкил этилган туманлар CADIнинг лойиҳа ҳудудлари ҳисобланади. Ушбу лойиҳа глобал аҳамиятга эга ноёб экотизимлари мавжуд бўлган мўътадил чўлларни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишга қаратилган. Ушбу чўллар қушлар, шунингдек, туёқли ёввойи ҳайвонлар учун муҳим миграция ҳудудлари ҳисобланади. CADI  лойиҳасининг мақсадли иштирокчилари – Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон. Ушбу мамлакатлар зиммасига антропоген омиллар хавф солаётган мўътадил чўлларни сақлаб қолиш бўйича алоҳида масъулият юкланган. CADI лойиҳаси Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва 2016 йилдан буён Грайфсвальд университети, Михаэл Зукков жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг