Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 03/02/2023 ФАО Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолисига иссиқхона бизнеси учун ускуналар топширди
ФАО Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолисига иссиқхона бизнеси учун ускуналар топширди

Қишлоқ аҳолиси учун иссиқхона бизнеси қўшимча даромад олиш нуқтаи назаридан кундан-кунга долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Иссиқхоналарда етиштириладиган сабзавотларга талаб, айниқса, қишда, иссиқхона маҳсулотлари нархи кўтарилганда юқори бўлади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар бир киши йилига 140 кг дан ортиқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиши керак, уларнинг сезиларли қисмини иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлар эгаллайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ туманларида иссиқхона бизнесини ривожлантиришга кўмаклашишда давом этмоқда – бу нафақат иссиқхоналарни топшириш ва ўрнатиш орқали, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, маркетинг ва иссиқхона бизнесини юритишнинг бошқа асосий масалалари бўйича тренинглар ўтказиш орқали ҳам амалга оширилмоқда.

ФАО ва Глобал Экологик Жамғарманинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида 2023 йил январь ойида иссиқхоналарнинг навбатдаги партияси бенефициарларга топширилди. Майдони 100 квадрат метр бўлган ўн еттита иссиқхонани Бухоро вилояти Бухоро тумани ва Қашқадарё вилояти Қамаш туманидаги деҳқон хўжаликлари қабул қилди. Ҳозирги вақтда иссиқхоналар ўз эгаларининг томорқа ерларига ўрнатилиб, фойдаланиш учун тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган. 

«Умид қиламизки, бу иссиқхоналар уй хўжаликлари даромадларини оширишга ёрдам беради. Биз барча бенефициарлар хонадонига ташриф буюриб, уларга сабзавот экинларини экиш бўйича тавсиялар бердик. Ушбу иссиқхоналар қурилиши туфайли кўплаб уй хўжаликлари даромад келтирувчи иш билан таъминланади», - деди лойиҳа бўйича миллий менежер Муҳаммаджон Қосимов.

Бундан ташқари, битта иссиқхона Когон Давлат ўрмон хўжалигига (Бухоро вилояти), яна иккита иссиқхона Zamin Халқаро жамоат фонди, ФАО ва бошқа миллий ҳамкорлар томонидан болаларга экологик таълим бериш мақсадида амалга оширилган «Zamin Eco-Education» қўшма дастури доирасида Бухоро вилоятида жойлашган умумтаълим мактабларига етказиб берилди. Ушбу иссиқхоналарда мактаб ўқувчилари учун ердан оқилона фойдаланиш бўйича дарслар ўтказилади. Болалар қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни, ўсимликларга ва умуман табиатга ғамхўрлик қилишни ўрганишлари мумкин. Зеро, экологик таълим ва тарбия барқарор ривожланиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади ва пировардида жамиятнинг экологик маданиятини шакллантиради.

Эслатиб ўтамиз, CACILM-2 лойиҳаси доирасида лойиҳа ҳудудларида жойлашган хўжаликлар ва қишлоқ оилаларига бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам етказиб берилган. Масалан, ўтган йили ноябрь ойида Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Ғузор” қоракўлчилик хўжалиги МЧЖга 3 та мотокултиватор ва 3 та кичик ўт ўриш машинаси топширилди, Бухоро вилояти Бухоро тумани ва Қашқадарё вилояти Қамаши тумани хонадонларига 5 та мотокультиватор ва 5 та чуқур қазгич етказиб берилди. Лойиҳа жамоаси уларнинг қўлланилиши қишлоқ хўжалигини янада самарали юритиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, меҳнат, харажатлар ва вақтни тежашга, шунингдек, барқарор даромад олишга ёрдам беришига умид билдирди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг