Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 11/05/2023 ФАО Ўзбекистоннинг ноёб маҳсулотларини брендлашни қўллаб-қувватламоқда
ФАО Ўзбекистоннинг ноёб маҳсулотларини брендлашни қўллаб-қувватламоқда

2023 йил 1 майдан 17 майгача Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистонда географик кўрсаткичларнинг барқарор тизимини жорий этиш бўйича тренинглар ўтказмоқда. Машғулотлар ФАО ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассислари иштирокида маҳаллий фермерлар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар учун ўтказилмоқда. Тренинглар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ФАОнинг “Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Географик кўрсаткичларга эга маҳсулотлар шунчаки маҳсулотлар эмас: улар маълум бир минтақанинг тарихи, анъаналари, ўзига хослигини ўз ичига олган, унинг ноёб қишлоқ хўжалиги, маданий, пазандалик ва гастрономик меросини ташкил этади. Мисол учун, ҳақиқий “Рокфор” пишлоғи географик кўрсаткичларга кўра, фақат қўй сутидан тайёрланади ва фақат Франциянинг тарихий Руэрг вилояти ҳудудидаги ғорларда етилиши мумкин. Бу – маҳсулот маълум бир ҳудуднинг ўзига хос «ташриф қоғози» бўлиб хизмат қиладиган ҳолат.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам барқарор ва узоқ йиллик обрўга эга, келиб чиқиш жойи, анъанавий билимлари, махсус технологиялари билан чамбарчас боғлиқ бўлган ва шунинг учун ноёб меросни ташкил этадиган кўплаб анъанавий маҳсулотлар мавжуд. Ҳар бир минтақа ўзининг ўнлаб «мазали» фахри, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қўл меҳнати ва маҳаллий гастрономик таомларига эга. Биргина Фарғона водийсида машҳур Риштон сопол буюмлари, Қува анорлари, Тўрақўрғон гилоси, Чуст пичоқлари ва бошқалар бор. Самарқанд нонлари, Хоразм қовунлари, Паркент узумлари Ўзбекистон чегараларидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, географик кўрсаткичлардан фойдаланиш ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудий брендлашнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки, маҳсулотнинг танилишини таъминлаш бозорда талабнинг ўсишига олиб келади ва у ишлаб чиқарилган ҳудуднинг обрўсига ижобий таъсир кўрсатади. ФАОнинг “Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг мақсади ҳам географик кўрсаткичларни кенг жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳисобланади. Бу ишлаб чиқарувчиларга маркетинг стратегиясини аниқлаш, бозор иштирокчиларининг, шу жумладан, расмий ҳокимият органлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа гуруҳларининг хабардорлиги ва ўзаро қизиқишини оширишга имкон беради.

ФАО экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Ўзбекистонда географик кўрсаткичларга эга бўлган товарлар интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин. Қонун қабул қилинганидан бир йил ўтгач мамлакатда тўртта маҳсулот, яъни, “Марғилон адраси”, “Марғилон атласи”, “Қўқон пичоқлари” ва “Зомин тандир-гўшти”интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатга олинган. 

“Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган географик кўрсаткичларнинг янги қонунчилик тизими ўз самарасини бера бошлади. Географик кўрсаткичларни рўйхатга олиш тизими яратилди ва жорий этилмоқда. Энди барчамиз ундан қандай фойдаланишни ўрганишимиз керак, шунда ушбу махсус интеллектуал мулк эгалари – ишлаб чиқарувчилар ва маҳаллий жамоалар аъзоларининг қўшимча имтиёзлар олишлари кафолатланади”, - деди ФАОнинг географик кўрсаткичлар бўйича мутахассиси Сергей Данилов.

Тренинг давомида ФАОнинг географик кўрсаткичлар бўйича халқаро эксперти Сертач Докузлу таъкидлаганидек, географик кўрсаткичлар ҳозирги кунда қишлоқларни ривожлантириш ва маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим воситага айланмоқда. Географик кўрсаткичлар маълум ҳудудларда ишлаб чиқарилган ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлган, шунинг учун истеъмолчилар учун қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ажратиш имконини беради. Истеъмолчилар эса кафолатланган ўзига хос хусусиятларга ва юқори сифатга эга товарлар ва маҳсулотларни сотиб олиш

exey бозорда осонроқ мўлжал олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк маркази вакили Бобур Аббосов ўз сўзида буюртмаларни расмийлаштириш ва географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш тартиби масалаларини батафсил баён этди.

Тренингларнинг асосий мақсади ишлаб чиқарувчиларни географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг афзалликлари тўғрисида кенг хабардор қилишдир. Мутахассислар географик кўрсаткичлар фермер хўжаликлари даромадларини оширишга, қишлоқ хўжалиги ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга, шунингдек, анъанавий ҳунармандчиликка қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини тушунтирмоқда. Интерфаол машғулотлар давомида тренинг иштирокчилари ўз ҳудудларининг анъанавий маҳсулотлари учун географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш учун бирламчи ҳужжатларни тузишни ўрганмоқдалар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг