Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 11/12/2023 ФАО Ўзбекистонда яшил молиялаштириш бўйича тренинглар ўтказди
ФАО Ўзбекистонда яшил молиялаштириш бўйича тренинглар ўтказди

2023 йил 11-12 декабрь кунлари Тошкентда иқлимга мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги учун яшил молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тренинглар ўтказилди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Ўзбекистонда яшил молиялаштиришни ривожлантириш лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингларда яшил иқтисодиёт дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи давлат идоралари вакиллари, шунингдек, ушбу соҳадаги лойиҳаларни молиялаштирувчи Ўзбекистон банк сектори вакиллари иштирок этди.

Тренинглар иштирокчиларни яшил молиялаштириш асослари, шунингдек экологик хавфларни аниқлаш, камайтириш ва баҳолаш бўйича ESG стратегияси воситалари билан таништириш мақсадида ўтказилди. Шу билан бирга, ESG стратегияси учта асосий омилга асосланган компанияни бошқариш ва ривожлантириш тамойилини ифодалайди: Environment (экология ва атроф-муҳит), Social (ижтимоий ривожланиш), Governance (корпоратив бошқарув). Тренинглар давомида экологик жиҳатларни бизнес кун тартибига киритиш ва иқлимий хавфларни баҳолашнинг самарали тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Яшил молиялаштириш – бу атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштириш. Глобал миқёсда яшил молиялаштиришни амалга ошириш

15 йилдан ортиқ вақтдан буён ривожланиб келмоқда ҳамда арзон ва тоза энергия, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг барқарорлиги, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишга ёрдам беради.

«ФАО Ўзбекистонда яшил молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишни ва рағбатлантиришни, хусусан, иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда экологик тоза қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлайди. Иқлимга мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги – бу барқарор деҳқончилик амалиётини ривожлантиришга, унинг иқлим ўзгаришига қарши туриш қобилиятига ёрдам берадиган комплекс ёндашув», - деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Таъкидланганидек, молиялаштириш ташаббуслари иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор деҳқончилик амалиётини тарғиб қилиш иқлимга мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим омилидир.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг