Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 12/03/2024 ФАО Ўзбекистонда RECSOIL ташаббусини илгари суради
ФАО Ўзбекистонда RECSOIL ташаббусини илгари суради

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Глобал тупроқ ҳамкорлиги (GSP) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда Тошкентда «Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини қайта карбонлаштириш (RECSOIL)» ташаббусининг бошланишига бағишланган кириш семинарини ўтказди. Ташаббус Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштирилаётган Ўзбекистондаги ФАОнинг иккита лойиҳаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Булар – «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) ва “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳалари. Сўнгги йилларда ушбу лойиҳалар доирасида Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка мойил ҳудудларида қишлоқ хўжалигини ресурс тежашнинг илғор усулларидан фойдаланган ҳолда қўллаб-қувватлашда самарали натижаларга эришилди ва лойиҳалар бугунги кунда фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда даромадларини оширишга ҳисса қўшмоқда, шунингдек, ер деградациясининг нейтрал мувозанатини сақламоқда.

RECSOIL ташаббуси тупроқ соғлиғини яхшилаш ва унинг унумдорлиги ҳамда ноқулай таъсирларга чидамлилигини ошириш учун тупроқни бошқариш амалиёти орқали иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилишга қаратилган. Ушбу механизмнинг асосий йўналиши, шу жумладан, алмашлаб экиш, агроўрмончилик ва сидератлардан фойдаланиш (кейинчалик тупроққа аралаштириб юбориш учун ишлатиладиган ўсимликлар) каби тупроқни барқарор бошқариш усуллари орқали
тупроқдаги углерод захираларини сақлаш ва кўпайтиришга қаратилган. Ушбу усуллар тупроқ ҳолатини яхшилашга ва натижада фермерларнинг даромадлари ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини оширишга ёрдам беради. RECSOIL ташаббуси углеродни тўплаш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини юмшатиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади.

Тадбирда таъкидланганидек, RECSOIL ташаббусини амалга ошириш жараёнида фермерлар тупроқни барқарор бошқариш усуллари бўйича ўқитилади, шунингдек уларни муваффақиятли тарғиб қилишлари учун молиявий ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, RECSOIL ташаббуси тупроқлар ҳолатини кузатиш ва баҳолашнинг ишончли усулини тақдим этади, шунингдек, лойиҳа натижасида камайтирилган иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳисоблаб чиқилади. Бу эса фермер хўжаликлари даромадларини ошириш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш учун тупроқларни барқарор бошқариш усулларининг самарадорлиги тўғрисида қимматли маълумотларни тақдим этади.

Семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларга RECSOIL механизмининг моҳияти тўғрисида маълумот бериш ва вазирликлар, идоралар ҳамда илмий-техник муассасалар орасидан лойиҳанинг салоҳиятли ҳамкорларини аниқлашдан иборат. Хусусан, иштирокчиларга RECSOIL воситалари ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришишга қандай ҳисса қўшиши, шунингдек, тупроқни барқарор бошқаришга таъсирини баҳолаш учун маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Семинар давомида Ўзбекистонда RECSOILни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг