Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 24/10/2023 ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилиш учун қулай муҳит яратишга ёрдам беради
ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилиш учун қулай муҳит яратишга ёрдам беради

Замонавий дунёда рақамли трансформация ҳаётнинг деярли барча соҳаларига таъсир кўрсатди ва қишлоқ хўжалиги ҳам бундан четда қолмаган. Агро-озиқ-овқат тармоғи IT-ечимларни жорий этиш даражаси бўйича ҳамон иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидан орқада қолаётган бўлса-да, ушбу соҳани рақамлаштириш ҳам давр талабидир. Шу билан биргаликда, қишлоқ жойларда малакали кадрлар ва тегишли инфратузилмани тайёрлаш рақамли трансформациянинг муҳим шартлари ҳисобланади. Соҳага инновацияларни жорий этиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда “Қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилиш учун асосларни тайёрлаш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа доирасида ФАО Ўзбекистонда рақамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича миллий комплекс ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқмоқда. Ушбу дастурни тайёрлашга манфаатдор томонларни жалб қилиш мақсадида 23-26 октябрь кунлари Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида Ўзбекистонда рақамли қишлоқ хўжалигининг истиқболларини биргаликда шакллантириш ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича семинарлар ташкил этилди.

Семинарлар Ўзбекистонда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини рақамли ечимлардан фойдаланишга ўргатиш ва қўллаб-қувватлаш каби рақамли қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилиш учун халқаро ва миллий иштирокчиларни, жумладан, ҳукумат, хусусий соҳа, фуқаролик жамияти ва илмий доиралар вакилларини бирлаштирди. Семинар иштирокчиларига ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиш ҳамда мамлакатда рақамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш учун зарур бўлган асосий қадамлар ва устуворликларни ўзаро келишиб олиш учун имконият берилди. 

ФАОнинг рақамли қишлоқ хўжалиги бўйича таҳлилчиси Вероника Шерова таъкидлаганидек, “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш нафақат чақириқ, балки улкан имкониятдир. Стратегияни шакллантириш босқичида манфаатдор томонларни жалб қилиш қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш учун самарали платформа яратиш йўлидаги биринчи қадамдир. Бу жараённинг ҳар бир иштирокчиси ўз роли ҳамда масъулиятини тушуниши муҳим ва биз биргаликда Ўзбекистонда рақамли қишлоқ хўжалигини бутун минтақа учун муваффақиятли ва инновацион намунага айлантира оламиз”.

Қишлоқ хўжалиги ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида давлат тизимлари ва хизматларини рақамли трансформациялашни жадаллаштириш, маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги билимларини рақамлаштиришга кўмаклашиш, таълим ва инновация ва рақамли қишлоқ хўжалиги ечимлари ҳамда хизматлари учун бозор ўсишига эришиш тадбирдан кутилаётган натижалар сирасига киради.

Зеро, мамлакатимизда рақамли технологияларни кенг кўламда қўллаш имкониятига эга бўла олмаётган кичик фермер хўжаликлари кўплиги маълум. Шу билан бирга, рақамли технологияларни жорий этиш бизнес кўламидан қатъий назар, ҳар қандай фермер хўжалиги учун долзарбдир, чунки бу экин майдонларидан олинаётган маҳсулотларни кўпайтириш, жараёнлар самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш имконини беради.

Қайд этиш жоизки, ФАО ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалигини рақамли трансформацияси учун асосларни тайёрлаш” лойиҳасини амалга оширишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Рақамлаштириш маркази ва АКИС – Agricultural Knowledge and Innovations System (Қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновациялари тизими) муҳим рол ўйнайди. Мазкур муассасалар ишининг тўғри йўлга қўйилиши тадқиқот фаолияти ва амалиёт ўртасидаги тафовутни бартараф этиш, шу орқали қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун кичик фермерлар томонидан инновациялар ва технологияларни ўзлаштиришни тезлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Семинарлар натижаларига бўйича тўпланган таклиф ва тавсиялар рақамли қишлоқ хўжалиги соҳасида миллий ҳаракатлар дастури лойиҳасига киритилади. Тадбирда агро- озиқ-овқат соҳасини янада рақамлаштириш фермерларнинг машаққатли ва мунтазам меҳнатини сезиларли даражада осонлаштириш, вақт ва ресурсларни тежаш, қишлоқ хўжалигида мақбул қарорлар қабул қилиш имконини бериши алоҳида таъкидланди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг