Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 14/12/2023 ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига инновациялар ва рақамлаштиришни жорий қилиш натижаларини сарҳисоб қилмоқда
ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига инновациялар ва рақамлаштиришни жорий қилиш натижаларини сарҳисоб қилмоқда

2023 йил 12 декабрь куни Тошкентда “Қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилиш учун асосларни тайёрлаш” лойиҳасининг якуний семинари бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар олинган натижаларни намойиш этишди ва қишлоқ хўжалигига инновациялар ва рақамли технологияларни янада кенгроқ жорий этиш бўйича тавсиялар беришди. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида агро-озиқ-овқат тармоғиини рақамлаштиришга тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал қилиш мақсадида амалга оширилди.

Ушбу ташаббус Фарғона водийсидаги фермерлар, агробизнес вакиллари, илмий-тадқиқот ва қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳат хизматлари ўртасида миллий ва марказлашмаган даражада ҳамкорлик ва билим алмашиш имконини берди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармонларини амалга оширишга ҳисса қўшди.

"ФАОнинг ушбу лойиҳаси инновация ва рақамлаштириш орқали иқтисодий ва экологик жиҳатдан барқарор, инклюзив қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат тизимларини ўзгартиришга ҳисса қўшмоқда. Бироқ, технологиялар кенг иштирок этишга, хабардорликни оширишга асосланган ёндашувлар, гендер тенглигига риоя қилган ҳолда кичик фермерларни яқиндан қўллаб-қувватлаш билан биргаликда жорий этилиши лозим", - деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Лойиҳа доирасида Рақамли қишлоқ хўжалигининг Миллий дастури ишлаб чиқилди. Семинарда турли манфаатдор томонлар иштирокида ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси тақдим этилди. Конструктив мулоқот давомида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари ва тавсияларини тақдим этдилар. Европа ва Марказий Осиёда рақамли қишлоқ хўжалиги бўйича ФАОнинг гуруҳи раҳбари Даниэла Ди Жанантонио қайд этдики, “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида электрон ҳукумат тизимини рақамлаштириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди ва ушбу дастур мамлакат агроозиқ-овқат тизимини замонавий, рақобатбардош ва барқарор тармоққа айлантиришда стратегик қўлланма бўлиб хизмат қилади”.

Инновациялар нуқтаи назаридан, Қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновациялар тизими (AKIS), инновациялар билан шуғулланувчи иштирокчилар тармоғи жорий этилганлиги ва AKIS нинг минтақавий мувофиқлаштирувчи гуруҳи шакллантирилганлиги натижалардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Фарғона вилоятида стратегик ва ташкилий даражадаги ечимларни аниқлаш ва амалга ошириш учун асосий мавзулар бўйича инновацион сиёсат лабораториялари ташкил этилди. Шу билан бирга, фермерлар ва мутахассислар билан биргаликда ижод қилиш учун “тирик лабораториялар” яратилган. Инновацион сиёсат лабораторияси – бу маълум бир контекстда инновацияларга тўсқинлик қиладиган муаммони ҳал қилиш учун сабабларни аниқлаш, ҳаракатларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш учун турли манфаатдор томонларни бирлаштирган ҳамкорликдаги ижодий инновацион ёндашув. 

“Лойиҳа Фарғона вилоятида амалга оширилиши жараёнида ушбу лабораториялар Фарғона водийси бўйича тузилган AKIS ҳудудий ишчи гуруҳи фаолиятининг асосий механизмига айланди. Ушбу гуруҳ умумий мувофиқлаштириш даражасида ишлайди ва аёлларнинг AKIS да иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва AKIS ўртасидаги муносабатларни ўрганишга қаратилган”, деди ФАОнинг қишлоқ хўжалиги билимларини тарқатиш бўйича мутахассиси ва инновациялар сиёсати ва салоҳияти бўлими раҳбари Невена Александрова-Стефанова. Инновацион сиёсат лабораториялари ва жонли лабораторияларнинг тажрибаси муваффақиятли бўлди ва келгуси йилда ФАО кўп донорлар томонидан молиялаштириладиган лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда ўз кўламини кенгайтиради.

Лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат тизимларига таъсир кўрсатадиган инновацияларни яратиш ва тарқатишга ёрдам берди. Бу қишлоқ уй хўжаликларининг имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорликни рағбатлантириш учун янги хизматлар, воситалар ва ёндашувларни ривожлантиришга ёрдам берди. Энг муҳими, лойиҳада нафақат тегишли муассасалар билан биргаликда ҳеч кимни ортда қолдирмаган ҳолда қишлоқ жамоалари, ёшлар, аёллар ва қариялар ҳам иштирок этдилар. Қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг салмоқли қисмини (44% гача) ташкил этувчи, лекин ҳиссаси кўпинча кўзга ташланмайдиган ва тан олинмаган қишлоқ аёлларини қамраб олиш ва жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг билим олишлари ва ахборот алмашишларига кўмаклашиш мақсадида улар учун махсус жонли лабораториялар ташкил этилди.

ФАОнинг тараққиёт учун коммуникациялар бўйича ходими Софи Треинен таъкидлаганидек, “Алоқа тараққиётнинг калитидир. Асосий кузатувлар шуни кўрсатадики, Телеграм фермерлар орасида энг қулай хабар алмашиш иловаси ва қишлоқ жойларда интернет алоқасининг пастлиги туфайли улар энг кўп фойдаланадиган каналдир. Видео уларнинг билим алмашиш учун севимли форматидир. Шунинг учун биз бир томондан бўлажак тренерлар учун, иккинчи томондан эса, амалиётчилар учун қўшма видеороликлар яратиш бўйича онлайн семинарлар ташкил этдик. Тирик лабораториялар иштирокчилари ва минтақавий AKIS жамоаси бугунги семинарда тақдим этилган видеоларни биргаликда ишлаб чиқдилар. Нафақат минтақавий, балки миллий миқёсда ҳам доимий таъсир кўрсатиш учун биз ўзбек тилида видео ишлаб чиқариш учун махсус қўлланма ва ўзбек тилидаги ёзувлар ва тақдимотлардан иборат ўзини ўзи ўқитиш платформасини тайёрладик”.

Шунингдек, у минтақавий даражадаги турли лойиҳалар ўртасидаги синергия муҳимлигини таъкидлади, бу уларнинг таъсирини тўлдириш ва кучайтиришга имкон беради. Софи Треинен Фарғона водийсида ФАОнинг бошқа лойиҳаларини амалга ошириш натижасида жойларда тажриба тўпланганлигини таъкидлади. Булар қаторига ФАОнинг “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси киради. Лойиҳа кичик хўжаликларининг замонавий ва мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини (самарали суғориш тизимлари, мақбуллаштирилган иссиқхоналар, чанглатувчи воситалардан фойдаланиш) ўзлаштиришини қўллаб-қувватлайди, технологияни жорий этиш билан доимий, малакали техник ёрдамни уйғунлаштиради. Шуни таъкидлаш керакки, техник билимларнинг мавжудлиги инновацион қарорларни қабул қилишнинг муҳим катализаторидир.

Техник ҳамкорлик лойиҳалари олинган сабоқлар асосида келажакдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос яратади. Таъкидланганидек, ФАО инновациялар ва рақамлаштириш соҳасида ишлашни давом эттиради ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватловчи бошқа лойиҳалар билан янада яқинроқ ҳамкорлик ва синергияга интилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг