Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 16/02/2024 ФАО Ўзбекистонда GEF лойиҳаларини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда
ФАО Ўзбекистонда GEF лойиҳаларини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Глобал Экологик Жамғарма (GEF)нинг Ўзбекистонда табиий ресурсларни комплекс ва барқарор бошқариш, экологик тоза ишлаб чиқаришни тарғиб қилиш ва ер деградациясига қарши курашишга қаратилган лойиҳаларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон 1994 йилдан буён GEFнинг миллий, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги 50 дан ортиқ лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этди. “Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисида”ги Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши доирасида GEF раҳбари Карлос Родригеснинг Ўзбекистонга ташрифи ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг GEF раҳбари Карлос Родригес билан учрашувида Ўзбекистонда Жамғарма лойиҳаларини амалга оширишнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил февраль ойининг бошида Вашингтонда бўлиб ўтган GEF Кенгашининг 66-йиғилиши доирасида «Экотизимни тиклаш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва барқарорликни ошириш учун Марказий Осиё сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги» (CAWLN) Минтақавий дастурининг 5 та лойиҳасига 26 миллион доллар ажратилди. Таъкидлаш жоизки, бешта лойиҳадан умумий қиймати 18,6 миллион доллар бўлган тўртта лойиҳа Ўзбекистон иштирокида ФАО кўмаги билан амалга оширилади. 

“Менинг фикримча, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши иқлим ўзгариши ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш шароитида Ўзбекистоннинг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Биз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришининг қишлоқ-озиқ-овқат тизимларига салбий таъсирини юмшатиш учун инновацияларни тарғиб қиламиз. Ишончим комилки, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда бу борада катта муваффақиятларга эришамиз“, - деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёнинг заиф экотизимларида ерларни тиклаш, Амударё, Зарафшон, Панж, Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини комплекс бошқаришни кучайтириш, экотизимлар ва биохилма-хилликни сақлашни яхшилаш учун табиий ресурсларни комплекс бошқаришга каратилган.

Хусусан, ФАО GEFнинг молиявий кўмагида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда қуйидаги лойиҳаларни амалга оширмоқда: «Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш», «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш», «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш», «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури».

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг