Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 26/09/2023 ФАО Ўзбекистонда чигирткага қарши курашишни яхшилаш учун махсус ускуналар топширди
ФАО Ўзбекистонда чигирткага қарши курашишни яхшилаш учун махсус ускуналар топширди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистонда чигирткага қарши курашишни янада яхшилаш учун Ўзбекистон Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлигига 8 та махсус жиҳозланган Toyota Hilux автомобилини топширди. Кўмак ФАОнинг «Марказий Осиёда чигирткаларга қарши курашишни такомиллаштириш (II босқич)» минтақавий лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги учун чигирткалар энг жиддий хавф туғдираётганини кўпчилик билмайди. Экинларни йўқ қилиш орқали зараркунандалар ҳосил миқдори ва сифатини пасайтиради, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни хавф остида қолдиради. Бундан ташқари, чигиртка босқини қишлоқ хўжалигига бевосита боғлиқ бўлган фермерларнинг даромадларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Автомобилларни топшириш маросимида қайд этилганидек, чигиртка босқинларига ўз вақтида жавоб бериш экин ва яйловларга зарар етказилишининг олдини олиш, шунингдек, чигирткага қарши ишлов бериш тадбирларининг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш учун зарур.

Берилган Toyota Hilux автомашиналари чигиртка босқинига қарши ишлов бериш мақсадида уларга пуркагичлар ўрнатилиши учун махсус қайта жиҳозланди. Эслатиб ўтамиз, автомобил пуркагичлари ҳам ФАО томонидан агентликка аввалроқ, 2022 йил декабрь ойида топширилган эди. Ишлов бериш ультра кичик ҳажмли пуркаш (УМО) технологияси ёрдамида амалга оширилади, у ҳозирда бутун дунёда чигирткаларни назорат қилишнинг энг самарали усули сифатида тан олинган ва бундан ташқари, атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатади. Сўнгги ўн йилликларда УМО технологияси чигирткаларга қарши курашишнинг халқаро стандартига айланди ва унга кўра деярли барча чигирткаларга қарши ишлов беришлар ФАО ҳомийлигида амалга оширилган ва амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, УМО технологияси бир ҳил инсектицид булутини яратишга имкон беради, бунда препарат томчиларининг тахминан 80 фоизи диаметри 50 дан 150 микронгача бўлади. ФАО маълумотларига кўра, томчиларнинг бундай ўлчами чигирткаларга қарши курашиш учун мақбул ҳисобланади, шунингдек, ишлов бериладиган объектларнинг бир хил зичликда текис қопланишини таъминлайди.

Шу билан бирга, етказиб берилган автомобилларда бориш қийин бўлган ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиш учун барча зарур техник жиҳозлар мавжуд бўлиб, бу, айниқса, Ўзбекистоннинг турли минтақаларида чигирткалар бўйича ўрганишлар ўтказишда қулайдир.

ФАО вакиллари кўрсатилаётган ёрдам ҳосилга чигирткалардан етказилаётган зарарни камайтиради ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширади, бу эса, ўз навбатида, фермерларнинг даромадларини ошириш, қашшоқликни камайтириш ва янада барқарор ривожланишга хизмат қилишига умид билдирди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг