Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 26/06/2023 ФАО мутахассислари фермерларга иссиқхоналарни самарали бошқаришни ўргатмоқда
ФАО мутахассислари фермерларга иссиқхоналарни самарали бошқаришни ўргатмоқда

Қашқадарё вилоятида жойлашган «Hosildor zamin» ўқув мажмуаси-кўчатхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги Ташкилоти (ФАО) нинг навбатдаги машғулоти бўлиб ўтди. Бу сафар улар моҳирона ёндашилганда яхши даромад манбаига айланиши мумкин бўлган иссиқхоналардан самарали фойдаланиш бўйича тингловчиларга билим ва кўникмалар бердилар. Машғулотлар Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётдиган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) лойиҳаси кўмаги билан ташкил қилинди. 

«CACILM-2 минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади Марказий Осиё ва Туркияда қурғоқчиликка мойил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш кўламини кенгайтиришдан иборат. Қашқадарё вилояти суғориш сувининг тақчиллиги билан ажралиб туради ва иссиқхона хўжалигини ташкил этиш йил давомида экинларни самарали етиштириш ва юқори ҳосил олишга хизмат қилади, шунингдек, сув ресурсларини тежашга ёрдам беради», - деди CACILM-2 лойиҳаси миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Машғулотлар давомида ФАО мутахассислари иссиқхоналардан фойдаланишнинг ташкилий ва иқтисодий асослари, кўчат етиштириш учун иссиқхонани тайёрлаш режасини қандай тузиш ҳақида тақдимотлар қилишди. Помидор ва бошқа шунга ўхшаш экинларни етиштиришни такомиллаштириш масалалари, ноёб сабзавотларни етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилди. Агротехник жараёнларни мақбуллаштириш ва автоматлаштириш учун рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун кимёвий моддалардан минимал фойдаланишни назарда тутувчи «ақлли қишлоқ хўжалиги» масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

«Hosildor zamin» ўқув мажмуаси-кўчатхонаси тингловчилари ушбу ҳудуддаги ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир бўлган алоҳида оилалари, шунингдек, муаммоларни рўйхатга олиш, аниқлаш, бартараф этиш ва назорат қилиш бўйича сектор раҳбарлари назоратига олинган маълумотлар базаси ҳисобланган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда ижтимоий муҳтож ва соҳага қизиққан ёшлардан иборат.

Эслатиб ўтамиз, “Hosildor zamin” ўқув мажмуаси-кўчатхонаси мевали дарахтларнинг маҳаллий навларини асраш, уларни ўзгариб бораётган иқлим шароитларига мослаштириш ҳамда in-vitro усулида кўпайтириш мақсадида ташкил этилган. Лойиҳа “Zamin” фонди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасидаги битим доирасида Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган. Ўқув дастури ФАО экспертлари, Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ва академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган ҳамда улар таълим жараёнининг барча босқичларида семинар ва тренинглар ўтказишга жалб қилинади. 

Тренинглар давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари вакиллари Қашқадарё вилояти иқлим шароитида тадбиркорлик асослари ва қишлоқ хўжалигидаги инновацияларни ўрганмоқда. Янги билим ва кўникмалар кейинчалик бандлик масалаларини ҳал этиш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг