Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 09/05/2024 ФАО махаллий вазирлик ва идоралар билан биргаликда Пестицидларни рўйхатга олиш тартиб-таомиллари бўйича семинар олиб бормоқда
ФАО махаллий вазирлик ва идоралар билан биргаликда Пестицидларни рўйхатга олиш тартиб-таомиллари бўйича семинар олиб бормоқда

Маълумки, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида “Хавфли кимёвий моддаларни самарали бошқариш учун техник кўмаклашиш” қўшма лойиҳасини амалга оширмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида ФАО Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 6-10 май кунлари пестицидларни рўйхатга олиш тартиб-таомиллари бўйича семинар ўтказмоқда.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ФАОнинг минтақавий ходимлари билан бир қаторда соҳага алоқадор миллий ва халқаро экспертлар ҳам иштирок этишмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида ўта хавфли пестицидлардан фойдаланишни камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситаларининг самарадорлигини оширишга, шу билан бирга қатнашчиларни пестицидларни рўйхатга олиш тартиб-таомиллари билан таништиришга қаратилгандир.

Беш кунлик тадбир дастури назарий ва амалий қисмларни ўз ичига олади. Назарий қисм давомида иштирокчиларга қишлоқ хўжалигида зарарли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар, жумладан, тупроқнинг ифлосланишига олиб келадиган эскирган пестицидлар ҳажмини аниқлаш чора–тадбирлари ҳақида айтиб ўтилди. Семинар давомида пестицидларни баҳолаш ва рўйхатга олиш билан бевосита шуғулланувчи ходимлар пестицидларни рўйхатга олувчи тартиб-таомилларнинг тузилиши ва таркиби билан таништирилди. Қизғин давом этган муҳокамалардан сўнг семинар қатнашчилари ушбу пестицидларни баҳолаш ва рўйхатга олувчи усуллардан фойдаланишни амалиётда синаб кўрдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қўшма лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистоннинг хавфли кимёвий моддаларни бошқаришни тартибга солувчи халқаро шартномаларга, хусусан, халқаро савдода алоҳида хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан дастлабки асосланган розилик процедураси тўғрисидаги Роттердам конвенциясига қўшилиши масаласини кўриб чиқиш имкониятларини беради. Тадбирда ФАОнинг Роттердам Конвецияси бўйича ижрочи котиби Кристина Фуэлл ҳам иштирок қилиб, Конвенциянинг қисқача тавсифи, Ўзбекистонда ушбу конвенцияни ратификация қилишнинг миллий ёндашувлари, амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш чора-тадбирлари ҳақида айтиб ўтди.

Семинар иштирокчиларга қишлоқ хўжалигида зарарли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар кўламини, жумладан, тупроқнинг ифлосланишига олиб келадиган эскирган пестицидлар ҳажмини аниқлаш, пестицидларни баҳолаш ва рўйхатга олувчи тартиб-таомиллардан фойдаланишни амалиётда синаб кўриш имконини берди. Мазкур семинар қишлоқ хўжалигида кимёвий моддаларни бошқариш бўйича хабардорликни ошириш ва самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг