Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 29/04/2023 ФАО Марказий Осиёда чигирткаларга қарши кимёвий пестицидлардан фойдаланишни камайтиришга ёрдам беради
ФАО Марказий Осиёда чигирткаларга қарши кимёвий пестицидлардан фойдаланишни камайтиришга ёрдам беради

Ҳар йили Марказий Осиё мамлакатларида чигиртка босқини содир бўлади. Чигирткалар экин ва яйловларни еб битириб, қишлоқ хўжалиги ягона даромад манбаи ҳисобланган минглаб инсонларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солади. Ярим асрдан кўпроқ вақт давомида кимёвий пестицидлар чигирткаларни назорат қилишнинг энг тезкор ва самарали усули бўлиб келган.

Бироқ, йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) зарарли ҳашаротларга қарши курашишнинг экологик жиҳатдан хавфи камроқ усулларини тарғиб қилмоқда. Хусусан, ФАО фақат чигирткаларга таъсир қиладиган ва инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказмайдиган биологик инсектицидлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлайди.

25-29 апрель кунлари ФАО томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида биопестицидларни кўргазмали синовдан ўтказилиши бу борадаги муҳим қадам бўлди. Тадбир “Кавказ ва Марказий Осиёда чигирткалар устидан миллий ва минтақавий назоратни такомиллаштириш бўйича ФАО дастури” доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар кўмагида ташкил этилди.

Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Россия Федерациясининг ихтисослашган муассасалари вакиллари пестицидларнинг намойиш синовларида иштирок этиш учун Жиззах вилоятига келишди. Тадбирда чигирткаларни назорат қилиш бўйича жами 33 нафар, шу жумладан, ФАО мутахассислари иштирок этишди. Йирик халқаро тадбир Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида чигирткаларни назорат қилиш учун биопестицидлардан кенг фойдаланишни амалиётга жорий этишга қаратилган. Бу ҳар йили ўртача 4 миллион 200 минг гектар майдонда чигирткага қарши ишлов бериладиган минтақадир.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, кимёвий пестицидлар заҳар ҳисобланади. Улардан тўғри фойдаланган тақдирда ҳам, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавф мавжуд. Кимёвий пестицидларнинг қўлланилиши натижасида экотизимлар ҳаёти учун зарур бўлган бошқа ҳашаротларнинг ҳам бир текис қирилиб кетиши уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишини яна бир бор исботлайди.

Пестицидлар, шунингдек, тупроқ, ўсимлик, ҳаво ва сувни ҳам ифлослантириши мумкин. Шунинг учун ҳам биопестицидлар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда асосий рол ўйнайди. 

Тадбир дастури тақдимот/назарий қисмдан, шунингдек дала ташрифларидан иборат бўлди. Беш кунлик намойиш синовлари марокаш чигирткалари личинкаларига қарши Metarhizium acridum (Новакрид) ва Beauveria bassiana (Яшил тўсиқ) замбуруғлари асосидаги иккита биопестицидни қўллашни ўз ичига олди. Шу билан биргаликда, бунда чигирткаларнинг ўлими ва бошқа организмларга таъсири баҳоланди.

Биопестицидларнинг нисбатан кеч таъсир қилишини ҳисобга олиб, иштирокчиларга атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда зарарли ҳашаротларни йўқ қилиш усулининг самарадорлигини намойиш қилиш мақсадида ишлов бериш намойиш пайтида ҳам, ундан тахминан 8-10 кун олдин ҳам ўтказилди. Намойиш синовларидан сўнг биопестицидларнинг

мақсадли бўлмаган организмларга таъсирини аниқлаш учун экологик мониторинг ўтказилди.

Жиззах вилоятидаги беш кунлик тадбир давра суҳбати билан якунланди ва унда олинган сабоқлар ҳамда тавсиялар тақдим этилди. Биопестицидлардан фойдаланиш бўйича шу каби кўргазмали тадбир 2023 йил июнь ойида Кавказда ўтказилиши режалаштирилган. Сўнгра иккита намойиш синовлари натижалари Кавказ ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан биргаликда “Кавказ ва Марказий Осиёда чигирткалар устидан миллий ва минтақавий назоратни такомиллаштириш бўйича ФАО дастури” доирасида кузда ўтказилиши режалаштирилган йиллик техник семинар давомида кўриб чиқилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг