Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 06/04/2022 ФАО кўмагида ишлаб чиқилган қонун амалда
ФАО кўмагида ишлаб чиқилган қонун амалда

USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш ва Hilfswerk International томонидан амалга оширилаётган ва Европа Иттифоқининг “Марказий Осиё – Invest V” дастури ҳамда Австрия тараққиёт агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда агробизнес ва савдони ривожлантиришда кичик ва ўрта ҳажмдаги агробизнес корхоналарнинг рақобатбардошлиги ва салоҳиятини ошириш учун минтақавий интеграция – CANDY V” лойиҳалари ҳамкорликда ФАОнинг “Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаш” лойиҳаси иштирокида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Ўзбекистоннинг ғарбий минтақалари учун алоҳида эътиборга молик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – ноёб қовун навлари учун географик кўрсаткич белгисини бериш масаласини муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти қадимдан қовун етиштириш ҳудуди сифатида машҳур ҳисобланади – бу ерда қовуннинг 125 га яқин навлари етиштирилади. Бунда “Гурвак” нави муҳим ўрин тутади, бу нав, айниқса, нозиктаъб истемолчилар томонидан қадрланади ва ҳатто, бу қовун шарафига минтақада шу номдаги фестивал ўтказилади. “Гурвак” гилли-қумли ва бироз шўрланган тупроқда ва фақат Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда ўсади. Бу қовун тўқ яшил рангда ва юмалоқ шаклда, юпқа пўстга эга. “Гурвак” қовунига хос бўлган беқиёс таъм уни ушбу ҳудудларнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айлантирган.

“Икки ошпаз бир хил таомни тайёрлайди, лекин улардан бири уни янада мазали қилади ва бунга кўп омиллар таъсир қилади, масалан, туз солиш вақти, мсаллиқларни қандай нисбатда тақсимлагани ва ҳоказо. Бизда ҳам худди шундай – бу каби ширин ва мазали қовун навларини бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз ва бунинг асосий сабаби ерга ота-боболаримиз ўргатган усул бўйича ерга ишлов бериб, қовун етиштирганимиз ҳисобланади. Бундан ташқари, Амударё делтасидаги тупроқнинг ўзига хос таркиби таъсир қилади ва бу ерда ҳатто сув ҳам бошқача”, - деб таъкидлайди давра суҳбати иштирокчиси, фермер Худойберган Аллаберганов.

“Гурвак” қовуни географик келиб чиқиши туфайли маҳсулот сифати ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлишнинг ёрқин намунасидир. Дунёга машҳур Прованс зайтун мойи, Хитой ва Лион ипаклари, Самарқанд қоғози, Бордо, Луара ва Бургундия винолари бунга ёрқин мисол бўла олади. Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги янги қонунига кўра, келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий маҳсулотлар Ўзбекистонда “географик кўрсаткич” мақомига ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин. Қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида “Маъмурий тизимни мустаҳкамлаш орқали барқарор географик кўрсаткичларни бошқариш ва қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

“ФАО мамлакатда географик кўрсаткичларни тарғиб қилишга қаратилган иккита лойиҳа доирасида Ўзбекистонда ёрдам кўрсатади. Биринчиси лойиҳа доирасида биз Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонунини ишлаб чиқишда кўмак бердик. Бу лойиҳа муваффақиятли якунланди. “Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаш” мавзусидаги иккинчи лойиҳа эса алоҳида маҳсулотлар учун амалда бўлган географик кўрсаткичларни кенг татбиқ этишга қаратилган. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида самарали маркетинг стратегияси ишлаб чиқилмоқда ҳамда қишлоқ хўжалиги бозорини ахборот билан таъминлаш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини рағбатлантиришга хизмат қилади”, - дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.

“Гурвак” қовуни янги қонун асосида географик кўрсаткичлари рўйхатдан ўтказиладиган биринчи маҳсулотга айланиши мумкин. Давра суҳбати иштирокчилари машҳур Хоразм қовунларига янги мақом бериш экспортни кўпайтириш, агротуризмни ривожлантириш, шунингдек, “Made in Uzbekistan” брендини тарғиб қилишга ёрдам беришини таъкидладилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг