Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 03/12/2020 ФАО / ГЭФ лойиҳаси доривор ўсимликларни сақлашга ва кўпайтиришга ёрдам беради
ФАО / ГЭФ лойиҳаси доривор ўсимликларни сақлашга ва кўпайтиришга ёрдам беради

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда «Ўзбекистонда доривор ўсимликлар муҳофазаси, етиштириш, қайта ишлаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишдаги долзарб масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказди. Тадбир Глобал экологик жамғармаси (ГЭФ) томонидан молиялаштириладиган  «Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» ФАО лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Конференция дориворчилик саноатни ривожлантириш учун таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси масалаларига бағишланган. ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари, Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти профессорлари ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Конференция материалларида  110 дан ортиқ илмий ва амалий мақолалар ўз аксини топиб, уларда соҳанинг энг долзарб масалалари кўтарилган. Бугунги кунда дунёда табиий дори воситаларига бўлган талаб 6-7 фоизга ошгани қайд этилди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, доривор ўсимликлар ва зираворларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларни плантация усули билан кўпайтириш жуда фойдали ва истиқболли.

Президентимизнинг «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори доривор турларни етиштириш ҳажмини ошириш ва самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди. 2020-2023 йилларда доривор ўсимликлар плантациялари ҳудудини 103,7 минг гектарга этказиш режалаштирилган.

«Ўрмонларнинг барқарорлиги ва биохилма-хиллигини оширишга қаратилган ФАО/ГЕФ «Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар ва зираворларни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Барча даражаларда ўрмонга қулай ёндашувлар ва технологияларни қўллаган ҳолда ўрмон, ёғоч ва ёғочдан ташқари ресурсларни оқилона, малакали ва барқарор бошқариш учун ФАО Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилади», - дейди ФАО лойиҳасининг техник координатори Олимжон Каххаров.

Конференциянинг пленар ва шўъба йиғилишларида доривор ўсимликларни асраш ва  етиштириш, қайта ишлаш, улардан табиий дори воситалари ишлаб чиқариш каби долзарб масалалар мухокама этилиб, хамкорликда амалга ошириладиган масалалар келишиб олинди.

Конференция фан ва ишлаб чиқаришни интеграциясининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, фармацевтика тармоғини халқаро стандартлар даражасида хомашё билан таъминлаш, доривор ўсимликлар экспортини ошириш ва тармоқни ривожлантиришнинг бошқа муҳим жиҳатларини муҳокама қилиш даврасига айланди. Конференцияда соҳадаги энг муҳим ва долзарб масалаларни ёритган, ишлаб чиқаришга аниқ тавсиялар берган муаллифлар рағбатлантирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг