Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 16/11/2023 ФАО CRIC-21да чанг ва қум бўронлари масалаларини кўтаради
ФАО CRIC-21да чанг ва қум бўронлари масалаларини кўтаради

Чанг ва қум бўронлари тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган трансчегаравий муаммо ҳисобланади. Ушбу хавфли табиат ҳодисаси барча қитъалардаги 151 мамлакатда кузатилмоқда ҳамда бу 17 та барқарор ривожланиш мақсадларидан 11 тасига эришишни хавф остига қўймоқда. Иқлим ўзгариши ва ўсимлик қопламининг деградацияси чанг ва қум бўронлари хавф даражасининг ошишига олиб келади ва улар билан боғлиқ хатарларни янада оширади. Салбий оқибатлар, айниқса, даромадлари тўғридан-тўғри табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлган ҳамда қурғоқчил ҳудудларда яшаётган фермерларга таъсир қилади.

Ўзбекистонда ер ва яйловлар деградацияси, ёғингарчиликнинг камайиши, чўлланишнинг кўпайиши, шунингдек, бошқа ички ва ташқи омиллар туфайли чанг ва қум бўронлари тез-тез рўй бермоқда.

Чўлланишга қарши курашиш Конвенциясининг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессияси (CRIC-21) доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) “Чанг ва қум бўронларига қарши курашда кучларни бирлаштириш: биргаликда биз глобал жавобга ҳисса қўшишимиз мумкин” тадбирини (side-event) ташкил этди.

Тадбир турли мамлакатларнинг ушбу табиий ҳодисага қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини намойиш этиш, миллий, минтақавий ва минтақалараро ҳаракатларга таянган ҳолда ушбу йўналишдаги глобал чораларни тарғиб қилиш бўйича фикр алмашиш мақсадида ўтказилди. Тадбир давомида қишлоқ хўжалигида чанг ва қум бўронларига қарши курашиш бўйича учта янги нашр тақдим этилди: “Қум ва чанг бўронлари: юмшатиш, мослашиш, қишлоқ хўжалигида хатарларни бошқариш сиёсати ва чоралари бўйича қўлланма”, “Қум ва чанг бўронларига тайёргарлик, чорвачилик жамоалари иштирокида фавқулодда вазиятларни режалаштириш: Мўғулистон бўйича амалий тадқиқотлар” ҳисоботи ва “Эрон Ислом Республикасида қишлоқ хўжалигининг қум ва чанг бўронларига чидамлилигини ошириш учун инвестициялар ва ҳаракатларни кучайтириш учун фавқулодда режалаштириш жараёни” қўлланмаси.

Ўтказилган тадбир аъзо мамлакатларнинг чанг ва қум бўронларига қарши курашишдаги саъй-ҳаракатларини (БМТ коалициясининг режалари ва ўсиш) халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш тўғрисида хабардорликни оширишга ёрдам берди. ФАО техник мутахассиси Ферас Зиадат таъкидлаганидек: “Мамлакатлар ўртасида билимлар алмашишни қўллаб-қувватлаш орқали биз чанг ва қум бўронларининг олдини олиш ва юмшатиш амалиётини яхшилашимиз, шунингдек, ушбу ҳодисага қарши курашда сиёсат изчиллиги ва синергиясини таъминлашимиз мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, CRIC-21 2023 йил 13-17 ноябр кунлари Самарқандда 196 мамлакатдан

500 дан ортиқ делегатлар иштирокида бўлиб ўтмоқдв. Форум қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, аёлларнинг ер ҳуқуқларини тарғиб қилиш ҳамда чанг ва қум бўронларига қарши курашиш, шунингдек, мамлакатлар қишлоқ хўжалиги ерларини тиклашда эришаётган ютуқларни муҳокама қилиш учун яхши платформа яратади. CRIC-21

да ФАО нейтрал ер деградациясига эришишга ҳисса қўшадиган ҳаракатлар тўғрисида маълумот бериш учун бир қатор қўшимча тадбирларни ташкил қилади, шунингдек қум ва чанг бўронлари бўйича юқори даражадаги тадбирларида иштирок этади.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг