Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 19/01/2021 ФАО Бухоро вилояти аҳолисига 20 та кичик иссиқхонани беғараз тақдим этди
ФАО Бухоро вилояти аҳолисига 20 та кичик иссиқхонани беғараз тақдим этди

Бухоро туманидаги томорқа ер эгаларига беғараз ёрдам сифатида 20 та янги иссиқхонани топшириш тадбири бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қашқадарё вилоятининг қишлоқ аҳолисига 14 та иссиқхона ҳам тақдим этилган эди. Ёрдам Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан яқиндан ҳамкорликда амалга оширилаётган ФАО ва Глобал экологик жамғармасининг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳасининг глобал коронавирус инқирозига қарши ижтимоий-иқтисодий чоралар доирасида амалга оширилди.

Иссиқхоналарни қабул қилиш ва топшириш далолатномасига кўра, Бухоро тумани маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган оилаларга 20 та иссиқхона топширилди. Бухоро тумани ҳокимлиги билан келишган ҳолда улар «темир дафтар» - карантин даврида ишсиз қолган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхати асосида танлаб олинган.

– Мақсадимиз қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш. Иссиқхонадан самарали фойдаланса йилига 30 миллион сўмгача фойда олиш мумкин. Ҳозир эса иссиқхоналарда тўғри ишларни йўлга қўйиш керак. Шунинг учун биз барча бенефициарларга ташриф буюрдик ва уларга сабзавот экинларини экиш бўйича тавсиялар бердик. Ҳозирда кўкатлар экиш энг яхшиси: кўк пиёз, исмалоқ, шивит, кашнич. Март ойида эса помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини экиш мумкин", - дейди қурғоқчилик хавфини бошқариш бўйича ФАО мутахассиси Азиз Нурбеков.

Ҳокимият вакиллари ва ФАО мутахассислари янги иссиқхоналарни ўрнатиш жараёни билан танишдилар, шахсий томорқа эгалари билан суҳбатлашдилар.

– Имконият учун ФАОдан миннатдорман. Ушбу иссиқхона қурилиши туфайли мен ва оилам иш билан таъминланди. Ҳозир режаларимиз кўп. Саримсоқ, исмалоқ, укроп, кашнич, турп ва яшил пиёз экдик. Биринчи ҳосилни март ойининг ўрталарида ўриб-йиғиб олишни режалаштирганмиз. Кейин даромад қилиб, хўжаликни кенгайтириш, қўшимча иссиқхона қурамиз, - дейди Бухоро туманида истиқомат қилувчи Санжар Рахимов.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда карантин даврида маълум қийинчиликларга дуч келган қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида 31 та сув насослари, 10 та мото-култиватор, шунингдек 30 минг дона помидор, бодринг, бақлажон, қалампир кўчатлари ва 10,750 кг минерал ўғитни Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани аҳолисини қўллаб қувватлаш мақсадида етказиб берилди. Буларнинг барчаси дунёнинг пандемияга қарши курашининг энг мураккаб даврида қишлоқ хонадонлари учун катта ёрдам бўлди. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз-ўзини таъминлаш имконига эга бўлиб, бандлик масалалари ҳал этилди.

Айни кунларда CACILM-2 лойиҳаси қишлоқ аҳолисига ёрдам беришни давом эттирмоқда ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг