F-Istanbul халқаро кўргазмаси: Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар экспорт имкониятларини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 2 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган “Istanbul Fair Center” кўргазма мажмуасида “F-Istanbul” халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси ўз иш фаолиятини бошлади.
Мазкур нуфузли тадбир жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдоси ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, унда дунё бўйлаб юзлаб компаниялар ва ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқда.
Кўргазмада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ кўмагида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” миллий стенди доирасида юртимизнинг 11 та маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда.
Кўргазма 5 июль куни қадар давом этади. Ўзбекистоннинг экспозицияси 4-павильон, CC235-стендда жойлашган бўлиб, ташриф буюрувчилар томонидан катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.
Мазкур тадбир маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун халқаро ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, экспорт географиясини кенгайтириш, ҳамда “Made in Uzbekistan” брендини жаҳон бозорида илгари суришда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.