Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Дунё 29/01/2024 Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш билан боғлиқ ҳолат таҳлил қилинди
Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш билан боғлиқ ҳолат таҳлил қилинди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - ФАОнинг Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги ҳисоботини таҳлил қилди.

2020-2022 йилларда Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолатлар 3,0 фоизгача камайган (жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткич - 9,2 фоиз). Хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2020-2022 йилларда 2,5 фоиздан паст бўлган.

2022-йилда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви Марказий Осиё аҳолисининг 4,6 фоизига даҳл қилди (дунё бўйича ўртача кўрсаткич 11,3 фоиз). Бу 2021-йил кўрсаткичига нисбатан 0,4 фоиз пунктига паст, лекин 2019-йилда COVID-19 пандемияси бошланишидан олдин қайд этилган 2,3 фоизлик даражадан юқори.

2022-йилда Марказий Осиёда 3,5 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ оғир аҳволга тушиб қолган. Бу 2021-йилдагига нисбатан 0,3 миллион кишига кам.

2022-йилда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ўртамиёна ёки оғир аҳволда эканлигини акс эттирувчи* ўртача кўрсаткич 17,4 фоиз (дунё бўйича ўртача кўрсаткич 29,6 фоизга тенг) ни ташкил этди. Бу эса 2021-йилдаги ўртача кўрсаткичдан 2,7 фоиз пунктига паст.

ФАО ҳисоб-китобларига кўра, 2022-йилда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ўртамиёна ёки оғир бўлган шароитга тушиб қолганлар сони 13,4 миллион кишини ташкил этди. Бу 2021-йилдагига нисбатан 1,9 миллион нафарга кам.

2022-йилда Марказий Осиёда 5 ёшгача бўлган болалар орасида бўй ўсишида ортда қолиш кўрсаткичи 7,7 фоизни ташкил этди. Бу 2020-йилдагига нисбатан 0,9 фоиз пунктига, 2000-йилдаги (28,0 фоиз) га нисбатан эса 20,3 фоиз пунктига кам.

Хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2000-йилдаги 28,9 фоиздан 2022-йилда 6,9 фоизга камайган.

Умуман Марказий Осиёда 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёллар ўртасида камқонликнинг тарқалиши 12,3 фоиз пунктига камайди – 2000-йилдаги 40,4 фоиздан 2019-йилда 28,1 фоизгача. Ўзбекистонда ҳам камқонликнинг тарқалишини камайтириш борасида муайян ютуқларга эришилди. Шундай қилиб, 2000-йилдан 2019-йилгача бўлган даврда бу кўрсаткич 21,7 фоиз пунктига камайди (46,5 фоиздан 24,8 фоизгача).

* Озиқ-овқат хавфсизлигининг ўртамиёна таъминланиши - бу одамлар зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олишга ишончини йўқотадиган ва пул ёки бошқа ресурслар етишмаслиги сабабли йил давомида истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва миқдорини баъзан камайтиришга мажбур бўладиган ҳолат.

Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши оғир аҳволда эканлиги одамларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тугаши, уларнинг очарчиликни бошдан кечириши ва энг ёмон ҳолатда ўз саломатлиги ва ҳаётини хатарга қўйиб, кетма-кет бир неча кун мобайнида овқатланмаслигини англатади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг