Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 15/05/2023 Ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди
Ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди

Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг фермерлар кенгаши раиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, тумандаги машина трактор паркининг 30 сотих ер майдонини маҳаллий ҳокимлик тизимида ишловчи мансабдор таниши орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Таъкидлаш лозимки, у муқаддам Жиноят Кодексиниг 214-моддаси билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Бошқа бир ҳолатда эса Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи танлов савдоларини ўтказиш бўйича вилоят комиссияси баённомасига асосан танлов ғолиби деб топилган хусусий корхонага савдо дўкони қуриши учун ажратилган 56 кв.м ер майдонида тегишли ишларни амалга оширишда зарур бўладиган ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам бериш эвазига корхона раҳбаридан 3 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пулдан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда Ўртачирчиқ туманидаги фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 80 сотих суғориладиган ер майдонини ҳокимият ва кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 320 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи, 1971 й.т. фуқаро ҳам ўзганинг ишончига кириб, “Амузанг” ирригация тизимлари бошқармаси балансида бўлган 70 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 млн. сўм талаб қилиб, 6 минг АҚШ доллари ва 32 млн. сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг