Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 12/11/2024 Энергиядан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича талабалар қандай фикрда?

Энергиядан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича талабалар қандай фикрда? 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан талабалар ўртасида электр энергиясини тежаш ва энергия самарадорлиги бўйича сўров ўтказилди.

Методология: Тадқиқот МҲТИ томонидан ишлаб чиқилган сўровнома орқали олинган маълумотларни таҳлил қилишга асосланган. Сўровнома тизимли саволлар тўпламини ўз ичига олган бўлиб, уларнинг ҳар бири респондентларнинг энергияни тежаш борасидаги хабардорлик даражасини баҳолашга қаратилган. Сўровда республиканинг барча ҳудудларидаги 22 та университетнинг 7 минг нафардан ортиқ талабаси иштирок этди.

Хабардорлик даражаси: Респондентларнинг каттагина қисми (58 фоиз) ҳукуматнинг энергия самарадорлиги соҳасидаги асосий ташаббуслари ва "Ўзбекистон-2030" стратегияси, 2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси каби стратегик ҳужжатлар ва дастурлардан хабардор.

Сўровда қатнашганларнинг 88,4 фоизи энергия тежамкорлиги қоидаларидан хабардор (талабаларнинг 47,8 фоизи ўз хабардорлигини юқори, 40,6 фоизи ўртача, деб баҳолайди) ва фақат 11,6 фоизи бу ҳақида яхши маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, талабалар юқори курсга ўтиши билан электр энергияси, сув ва газ харажатлари ҳақида кўпроқ хабардор бўлади: харажатлар ҳақида биладиган ва мустақил равишда ҳақ тўлайдиганларнинг улуши аста-секин ўсиб боради (1- ва 4-босқичларда мос равишда 14,2 фоиз ва 33,2 фоиз), айни пайтда бу масалага қизиқмайдиганлар улуши қисқаради (1-босқичда 21,2 фоиз, 4-босқичда 11,1 фоиз). 

Асосий натижалар: Респондентларнинг 85,2 фоизи электр энергиясини тежаш чораларини кўрмоқда. Буларнинг орасида чироқларни ўчириш, тежамкор лампочкалардан фойдаланиш ва электр жиҳозларидан оқилона фойдаланиш каби кенг тарқалган чоралар ҳам бор. Талабаларнинг тахминан 42,7 фоизи энергияни тежаш жараёнига ўз оила аъзоларини ҳам жалб этмоқда. Бу эса ёшлар орасида юқори даражадаги онгли муносабат ва умумий масъулият ҳисси мавжудлигини англатади. 

Шу билан бирга, талабаларнинг қарийб 14,8 фоизи энергияни тежаш чораларини кўрмайди. Уларнинг 33,8 фоизи қулайлик мақсадида энергияни тежаш учун ҳеч қандай чора кўрмаслигини, 26 фоизи бу ҳақда ўйламаганлигини маълум қилган. Ушбу тенденциялар ёш авлоднинг энергияни тежаш ва бунинг аҳамияти ҳақидаги хабардорлик даражасини янада ошириш зарурлигини кўрсатади.

Умуман олганда, тадқиқот натижалари Ўзбекистонда талабаларнинг энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича хабардорлиги етарлича юқори эканлигини кўрсатади. Шу билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда талабаларнинг фаоллигини янада ошириш имкониятлари ҳам мавжуд. Ёшларни энергия истеъмоли бўйича барқарор амалиётларга жалб қилиш экологик масъулиятли жамиятни шакллантириш йўлидаги муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Натижаларни умумлаштириш талабаларнинг энергия тежамкорлиги ва бунинг экологик ва ижтимоий афзалликлари ҳақидаги хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни тавсия қилиш имконини беради. Мақсадли ахборот дастурлари, халқаро экспертлар иштирокидаги тренинглар, ихтисослаштирилган курслар ва энергияни тежаш соҳасидаги лойиҳалар бўйича талабалар танлови шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси ёшларда энергия самарадорлигини ошириш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг