Элдор Арипов: МОЭФ янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқувчи ўзига хос лабораторияга айланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Тошкентда “Марказий Осиё — ишонч, хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг умумий макони” мавзусида VIII Марказий Осиё экспертлар форуми (МОЭФ) ўз ишини бошлади.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов сўзга чиқиб, МОЭФ минтақавий ҳамкорлик йўналиши ва архитектурасини мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқувчи ўзига хос лабораторияга айланаётганини таъкидлади.
Марказий Осиёдаги ҳозирги жараёнлар борасида фикр билдирар экан, “мамлакатларимиз минтақавий яқинлашув ва бирлашиш йўлида катта йўлни босиб ўтди десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз”, — деди СМТИ директори.
Унинг сўзларига кўра, минтақада барқарорлик, хавфсизлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлашга имкон берувчи мустаҳкам, кўп жиҳатдан ноёб давлатлараро ҳамкорлик модели шаклланган.
— Глобал тебранишлар шароитида Марказий Осиё дунёдаги самарали минтақавий ҳамкорликнинг саноқли муваффақиятли намуналаридан биридир, — деди Элдор Арипов.
Шу нуқтаи назардан, у 2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ушбу формат минтақавий ҳамкорликнинг институционал ва шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашнинг ишончли механизмига айланди.
— Ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари ва механизмларини белгилаб берувчи, шу жумладан, узоқ муддатга мўлжалланган йигирмадан ортиқ муҳим концептуал ҳужжатлар қабул қилинди, — дея қўшимча қилди спикер.
Шунингдек, эксперт Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари томонидан март ойида имзоланган “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Хўжанд декларацияси тарихий аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этди.
— Мазкур ҳужжат рамзий маънода чегара билан боғлик барча баҳсли масалаларни ҳал этиб, давлатлараро муносабатларда очиқлик, мулоқот ва яхши қўшничиликнинг янги даврини бошлаб берди,— деди СМТИ директори.
Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши институтини таъсис этилгани муҳим қадамлардан бўлди.
Натижада минтақанинг барча мамлакатлари минтақавий кооперациянинг бенефициарларига айланди. — Қайси соҳани олмайлик, барчасида яхши натижаларга эришганмиз — деди СМТИ вакили.
Шу билан бирга, янги марраларни забт этиш учун асосий эътиборни амалдаги механизм ва институтларни такомиллаштириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммитларда эришилган келишувларни амалга оширишга қаратиш зарур.
Бундан ташқари, у Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома барча мамлакатлар томонидан мувофиқлаштириш жараёни муваффақиятли якунланишига умид билдириб, мазкур ҳужжат минтақавий интеграция келажаги учун муҳимлигини таъкидлади.
Элдор Арипов минтақавий ҳамкорликнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш масаласи етакчи ўринга чиқаётганини алоҳида қайд этилди.
— Ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда, лекин ҳануз паст даражада қолмоқда — ички минтақавий битимлар улуши умумий савдо ҳажмининг 8 фоиздан сал кўпроғини ташкил этади, — деди СМТИ директори.
Унинг сўзларига кўра, бозорларнинг чекланганлиги ва логистика жиҳатидан қарамлик асосий тўсиқлардан бўлиб қолмоқда. Шу маънода у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ягона минтақавий бозорни шакллантириш узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик мақсадимиз бўлиши керак” деган сўзларини келтирди.
Э.Ариповнинг фикрича, бунинг учун савдо тўсиқларини бартараф этиб, логистикани рақамлаштириш зарур. Шу боис, у Ўзбекистон етакчисининг Марказий Осиё Иқтисодий кенгаши – минтақа давлатлари Бош вазирлари ўринбосарлари даражасидаги мунтазам учрашувларни йўлга қўйиш бўйича ташаббусини эслатди.
Шунингдек, у кооперацияни қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос молиявий воситаларини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Президентининг Марказий осиё инвестиция кенгаши ва Инновацион ривожланиш банкини таъсис этиш таклифини ҳам ёдга олди.
Эксперт хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, мазкур йўналишда ягона қараш ва ёндашувларни ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга.
— Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича ташаббуси бунга асос бўлиши мумкин. Тегишли ҳужжат лойиҳаси жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилишида тақдим этилган эди, — деди СМТИ директори.
Э.Арипов таъкидлаганидек, маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш энг муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Унинг сўзларига кўра, минтақавий интеграциянинг узоқ муддатли барқарорлиги кўп жиҳатдан гуманитар ва ёшлар ташаббуслари орқали шаклланган мустаҳкам ижтимоий асос билан белгиланади. Шундай экан, Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё таълим ва академик алмашинувлар дастурини ишлаб чиқиш, минтақа давлатларининг етакчи олий ўқув юртлари дипломларини ўзаро тан олиш, шунингдек, иқтидорли талабаларни ўқитиш учун ўзаро стипендияларни ажратиш тўғрисидаги битимларни тузиш таклифи катта аҳамиятга эга.
— Ишончим комилки, айнан шу ташаббуслар интеграция учун жамият даражасида пойдевор яратиб, сиёсий аҳволдан қатъий назар, узоқ муддатли истиқболда минтақавий кун тартиби қўллаб-қувватланишини таъминлайди, — деди Э.Арипов сўзининг якунида.
Шу маънода минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. СМТИ директори сўзларига кўра, минтақавий ҳамкорликнинг истиқболлари интеграциянинг ўзига хос умумий пойдеворини шакллантириш, ўзимизни нафақат мамлакатларимиз фуқаролари, балки умумий уйимиз бўлмиш Марказий Осиё вакиллари сифатида идрок эта олишимизга боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, тадбир СМТИ томонидан Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Конрад Аденауэр номли жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Анъанага кўра, форумда Марказий Осиё давлатлари стратегик институтлари, илмий-тадқиқот марказлари ва академик доиралари раҳбарлари ҳамда мутахассислари қатори минтақашунослик бўйича тажриба алмашиш мақсадида биринчи марта Европа Иттифоқи, АСEАН, Шимолий кенгаш мамлакатларидан таниқли экспертлар, шунингдек Россия Федерацияси, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Озарбайжон тадқиқотчилари таклиф этилди.