Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 10/06/2024 «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш»
«Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш»

2024 йил 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган анъанавий халқаро анжуман – Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг навбатдаги мавзуси шундай номланган. Форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир. Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади.

Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади. Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” марказидир. 

Халқаро ҳамкорларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги жамоаси ҳисобланади. Бу халқаро шерикларимиз сафида, хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, шунингдек, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фондларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари бор. 

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашиши режалаштирилган. Хусусан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг