Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 14/02/2019 EF Language Learning Solutions компанияси юртимиз ўқитувчиларини инглиз тили бўйича синовдан ўтказади
EF Language Learning Solutions компанияси юртимиз ўқитувчиларини инглиз тили бўйича синовдан ўтказади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон-Швеция бизнес-форумида Халқ таълими вазирлиги ва EF Language Learning Solutions компанияси ўзаро англашув меморандумини имзолади. Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг январь ойида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Лондон (Буюк Британия)га ташрифи чоғида Жаҳон таълими форумида иштирок этган ҳамда швед компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.

Музокаралар чоғида EF Language Learning Solutions компанияси юртимиз ўқитувчиларини инглиз тили бўйича синовдан ўтказиш, уларнинг билим даражасини аниқлаш ҳамда ушбу тест синовларидан муваффақиятли ўтганларни Европа ва Америка олий ўқув юртларига ўқиш ва малака ошириш учун юборишга тайёрлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, компания Ўзбекистондаги ўқитувчиларга IELTS / TOEFL учун мос келувчи, халқаро миқёсда тан олинган EF Standard English Test таълим сертификати асосида инглиз тилини ўргатиш таклифини киритган. Ҳамкорликнинг кейинги йўналиши сифатида мамлакатимизда “Таълим даражасини миллий баҳолаш“ платформасининг жорий этилиши белгиланган.

 

Меморандум доирасида инсон капиталини ривожлантириш бўйича энг яхши халқаро тажрибаларни алмашишга келишилди. Эндиликда томонлар чет тили ўқитувчиларига инглиз тилини бепул ўқитиш ҳамда уларнинг билимларини баҳолаш соҳасида ҳамкорлик қилади.

Эътиборлиси, мазкур ҳамкорлик доирасида Халқ таълими тизими раҳбар ходимлари учун ҳам тренинг ташкил этилади. Шу билан бирга Швеция компанияси юртимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқлари учун мутахассислар тайёрлашга кўмаклашади.

Келгусида томонлар турли семинар ҳамда тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Манбаа: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг