Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 13/06/2017 E-SUD тизими қамрови географик жиҳатдан кенгаймоқда
E-SUD тизими қамрови географик жиҳатдан кенгаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йил 1 май ҳолатига кўра E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларига 90 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Бу эса 2016 йил айни шу давр ҳолатигача бўлган кўрсатгичдан 7,5 марта кўпдир.

E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими 2013 йил ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

E-SUDнинг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларга жорий этилиши одил судловнинг очиқ ва шаффоф бўлиши, суд ишлари ва баҳс-мунозараларни кўриб чиқиш муддатларини мувофиқлаштириш, кўрилмасдан қолиб кетган ишлар сонининг қисқариши ҳамда ҳужжатлар йўқолиш ҳолатини олдини олишга хизмат қилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида E-SUDни жорий қилиш борасида эришилган самарали натижаларни инобатга олган ҳолда Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 24 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларни қўшимча компъютер анжомлари билан жиҳозлаш ҳамда Интернет тармоғига улаш (TAS-IX) билан боғлиқ ишлар якунига етказилди.

Бундан ташқари, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 150 дан ортиқ мутахассислар, шу жумладан, суд раислари, судялар, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларининг девонхоналари мудирлари, коммунал хизмат ва солиқ инспекцияси ходимлари ҳамда адвокатлар E-SUD тизимидан фойдаланиш бўйича ихтисослаштирилган тренингларда ўз билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўлишди.

E-SUD тизими жисмоний ва юридик шахслар ҳамда адвокатларга даъво аризаларни топшириш, исталган вақтда ва ҳоҳлаган жойдан туриб ахборот тизим орқали иш ҳолатини кузатиб бориш, суд чақирув қоғозлари ва турли ҳужжатларни қабул қилиш, суд қарорларини суд биносига бормасдан олиш имконини беради.

Тизимдан фойдаланувчилар сонининг кўпайиши унга жисмоний ва юридик шахслар ҳамда адвокатлар томонидан қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолатдир.

- Замонавий ахборот-коммуникатсион технологияларнинг суд тизимида жорий этилиши суд ишларини кўриб чиқиш жараёнини енгиллаштиради, бюрократик тўсиқларни бартараф этади, суд ходимларининг фуқаролар билан бевосита алоқаларини камайтиради, - дея фикр билдирди “Тошиссиқсувқуввати” Ишлаб чиқариш унитар корхонаси етакчи мутахассиси Марина Рузанова. – Бизни ташкилотда 2016 йил бошидан буён E-SUD ахборот тизимидан самарали фойдаланиб келинмоқда ва унинг аризаларни топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқишдаги қулайликлари юқори баҳоланади. Хусусан, 2016 йилда иссиқ сувга қарздорликларни суд қарори билан ундириш юзасидан 128149 та, 2017 йилнинг ўтган 5 ойи давомида эса 30822 та даъво аризалари E-SUD тизими орқали юборилди ва Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қарздорликларни ундириш юзасидан тегишли қарорлар чиқарилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг