Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 12/11/2023 ДХХ: Ер майдонларини ноқонуний тарзда сотиш ҳолатларига чек қўйилди
ДХХ: Ер майдонларини ноқонуний тарзда сотиш ҳолатларига чек қўйилди

Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани филиали ходими ва 1981 й.т. шахс ўзаро тил бириктириб, деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога тумандаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли 17 гектар ер майдонини ижарага олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Улар сўралган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда Қарши туманида истиқомат қилувчи шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга туман ҳокимлиги захирасида бўлган 55 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари талаб қилади. 

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 11 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс боғдорчиликка ихтисосолашган фермер хўжаликнинг 13 гектар ер майдонини харидорга 20 минг АҚШ долларига сотишга ва ҳокимиятдаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришга келишиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги деҳқон хўжалик раҳбари туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан деҳқон хўжалиги ташкил этиш ҳамда вақтинча фойдаланиш учун ажратилган 2 гектар ер майдонини харидорга 300 млн. сўмга сотишга келишади.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда деҳқон хўжалик раҳбари талаб қилинган пул маблағидан 8200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг