Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Декларациялар мулоқоти: конфессиялараро тинчлик ва эътиқод эркинлигини таъминлаш сари

Декларациялар мулоқоти: конфессиялараро тинчлик ва эътиқод эркинлигини таъминлаш сари

Декларациялар мулоқоти: конфессиялараро тинчлик ва эътиқод эркинлигини таъминлаш сари

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10-13 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Америка Қўшма Штатларининг “Лове Ёур Неигҳбор Соммунитй” (ЛЙНС) нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида “Декларациялар мулоқоти” ИИ халқаро форуми ўтказилади.

Мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳақида СМТИ директори ўринбосари Шафоат Нуруллаева билан суҳбатлашдик.

– Шафоат опа, дастлаб ушбу форум тарихи ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.

– Жаҳон ҳамжамияти томонидан маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини тарғиб қилиш, диний эркинликни таъминлаш мақсадида 2016 йилдан буён қатор форумлар, жумладан Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунта дел Эсте шаҳарларида айни мавзуга бағишланган тадбирлар уюштирилган. Анжуманлар якунида консептуал ҳужжатлар – декларациялар қабул қилинган.

Мамлакатимиз ҳам ушбу даъватга жавобан 2022 йил май ойида Биринчи “Декларациялар мулоқоти” юқори даражадаги форумини ташкил этиш орқали жараёнга муносиб ҳисса қўшди. Беш кун давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган тадбирларда АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Покистон, Индонезия каби қатор давлатлар етук диншунослари, илоҳиётчи олимлари ва ҳуқуқшунослари, шунингдек соҳага оид маҳаллий давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари мутахассислари, дин вакиллари қатнашди.

Форумга Жаҳон мусулмонлар лигаси, АҚШ Халқаро диний эркинлик комиссияси, Буюк Британия ва Индонезия ҳукуматлари юқори мартабали вакиллари, шунингдек диний ва ҳуқуқий доираларнинг бошқа кўзга кўринган мутахассислари ташриф буюрди.

          Эслатиб ўтишим жоиз, ўша анжуман якуни бўйича қабул қилинган Бухоро декларацияси кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида расмий ҳужжат сифатида тан олинган. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари декларация тамойиллари ва чақириқларини қўллаб-қувватлаш бўйича Қўшма баёнот қабул қилган. Бу миллий парламентимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро ҳужжатлар ҳамда миллий қонунчиликда акс эттирилган фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича мониторингни амалга оширишдаги муҳим ўрнидан далолат.

Қолаверса, алоҳида таъкидламоқчиманки, Бухоро декларацияси турли миллат вакиллари, турфа дин ҳамда эътиқодга мансуб инсонлардан иборат бағри кенг жамиятни шакллантиришга қаратилган Ўзбекистон модели нақадар муҳимлиги, халқаро миқёсда ўта талабгирлигини тасдиқлайди.

Иккинчи “Декларациялар мулоқоти” форуми ҳам мамлакатимиз юқорида санаб ўтилган тегишли ҳужжатларда мустаҳкамланган тамойиллар, ғоя ва қадриятларни нафақат қўллаб-қувватлаши, балки изчил амалга ошириб келаётганидан гувоҳлик беради.

– Сизнингча, бўлажак Форум халқаро ҳамжамият учун қандай аҳамиятга эга?

– Биринчидан, мазкур тадбир мунтазам ўтказилиши, хорижий иштирокчиларнинг нуфузли таркиби давлатимизнинг эътиқод эркинлиги ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга қаратилган сиёсати дунё бўйлаб юксак эътироф этилаётганидан далолат.

Иккинчидан, ИИ Форум – Ўзбекистоннинг динлараро мулоқотни юқори қадрият даражасига кўтариш мақсадида очиқлик тамойилига, диний бағрикенглик ва толерантлик муҳитини ривожлантиришга содиқлигини тасдиқлайди.

Учинчидан, анжуман халқлар ва турли конфессиялар вакиллари ўзаро тинч-тотув яшашини таъминлаш бўйича илғор тажриба алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтайди.

• Форумдан қандай натижалар кутиляпти?

– Бу галги анжуманда дунёнинг 15 давлати, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиё давлатларидан 50 нафарга яқин етакчи диншунос, илоҳиётчи олим, экспертлар, қатор юқори мартабали шахслар, хусусан Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Юсуф Муҳаммад Алдобей, Жаҳон мусулмонлари лигаси (ЖМЛ) бош котиби ўринбосари Абдул Раҳмон Ал-Зоид, Дин ва эътиқод эркинлиги халқаро альянси раҳбари Роберт Рехак ва бошқалар иштироки режалаштирилган.

Бундан ташқари ЖМЛ Бош котиби Муҳаммад Ал-Исса ва БАА Фатво кенгаши раиси Шайх Абдуллоҳ бин Баённинг видео мурожаати тингланади.

Тўрт кун давомида эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида мамлакатлар олдида турган долзарб масалалар, шунингдек конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва ҳиссаси мавзуси муҳокама қилинадиган ялпи мажлислар ўтказилади.

Ўзбекистон дин арбоблари ва давлат хизматчилари иштирокида учта сертификатлаштириш семинари, диний масалалар билан шуғулланувчи хотин-қизлар учун сайд-ивент ташкил этилади. Динлараро мулоқотни йўлга қўйиш ва жамиятда бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича энг яхши халқаро тажрибалар тақдимоти кўзда тутилган.

Хорижий иштирокчилар, турли конфессиялар вакиллари учун алоҳида маданий аҳамиятга эга бўлган Самарқанд шаҳрига таништирув сафари ташкил этилади.

– Форум иштирокчилари ўз олдиларига қандай вазифалар қўйган?

– Форум доирасида қатор муҳим вазифаларни ҳал этиш режалаштирилган.

Биринчидан, халқаро ҳамжамиятни юртимизда конфессиялараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлардан хабардор қилиш асосий вазифалардан биридир.

Маълумки, сўнгги йилларда республикамиз диний ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз берди. Шу нуқтаи назардан, эътиқод эркинлигини таъминлашга асос бўлган икки муҳим жиҳатни таъкидлашим ўринли.

Биринчиси – 2021 йил “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳужжатни ишлаб чиқишда жамиятимиз эҳтиёжи, шунингдек халқаро меъёр ва стандарт чуқур ўрганилди. Бу қонунчилигимизни инсон ҳуқуқи ва эътиқод эркинлиги соҳасидаги замонавий талабни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш имконини берди.

Қонунда Европа Кенгаши Венеция комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар тавсиялари ҳам аксини топган.

Иккинчиси – Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Қомусимиз виждон эркинлиги тамойилини бевосита мустаҳкамлаб, ҳуқуқий ва дунёвий давлат шароитида ҳар қандай диний қараш мажбуран сингдирилишини тақиқлайди.

Ушбу тамойил асосида 2025 йил февраль ойида Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилиб, қонунчилик даражасида қабул қилинди. Ушбу ҳужжат диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифаси, тамойили ва устувор йўналишларини белгилаб берди, давлат-ижтимоий муносабатлар дунёвий хусусиятида фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш бўйича конституциявий қоидалар амалга оширилишини назарда тутади.

Иккинчидан, яна бир муҳим вазифа – давлатимизнинг конфессиялараро ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, жамиятда бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасидаги тажрибасини тарғиб қилиш.

Умуман, тадбир ташкилотчилари кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистонда барқарор сиёсий-ҳуқуқий муҳитни таъминлаш, жамиятда ўзаро тотувликни мустаҳкамлаш ва барча фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариш учун имконият яратиш бўйича олиб борилаётган ишлардан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш муҳим, деб ҳисоблайди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий тажрибаси асосида, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамликни назарда тутувчи демократик тамойилларни тўлиқ ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда.

Шу жиҳатдан турли элатлар, турфа дин вакиллари тинч-тотув яшаши бўйича кўп асрлик анъанага содиқ Ўзбекистоннинг ижобий тарихий тажрибаси хорижий тадқиқотчилар, диншунослар ва сиёсий арбобларда доим қизиқиш уйғотиб келишини алоҳида таъкидламоқчиман. Энг муҳими, жамиятимиздаги диний бағрикенглик модели халқаро экспертлар томонидан ўрганиш ва қўллашга муносиб намунали, амалий жиҳатдан фойдали тажриба сифатида тобора кўпроқ эътироф этилаётгани эътиборга молик.

Учинчидан, тадбир доирасида кўп миллатли жамиятларда диний эркинлик ва конфессиялараро мулоқотни таъминлаш соҳасидаги халқаро тажриба фаол муҳокама қилиниши ҳам кутиляпти. Бундай музокаралар мамлакатлар ва халқлар ўртасида ўзаро англашни мустаҳамлашга хизмат қилади, самарали амалиётларни аниқлаш ва миллий воқеликка мослаштириш имконини беради. Шунингдек, гуманитар соҳада келгуси ҳамкорлик учун пойдевор яратади.

– Шафоат опа, юқорида биринчи Форум якунида “Бухоро декларацияси” қабул қилинганини айтдингиз. Бу гал қандай якуний ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган?

– Иштирокчиларнинг жаҳон ҳамжамиятига қаратилган қуйидаги чақириқларини жамлаган Мурожаатнома қабул қилиш мақсадимиз бор:

диний озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш;

диний асосда камситиш ҳолатларини истисно этиш;

диний маърифатни зўравонликка асосланган экстремизмга қарши кураш воситаси сифатида тарғиб қилиш;

эътиқод эркинлигини умуминсоний ҳуқуқ сифатида тасдиқлаш;

диний ва маданий мансублигидан қатъи назар, барча одамлар тенг ҳуқуқлилигини рағбатлантириш.

Умуман, Иккинчи халқаро “Декларациялар мулоқоти” форуми ранг-баранг дунёда диний бағрикенглик, олий ҳиммат, ўзаро ҳурмат туйғуларини, халқларнинг тинч-тотув яшашини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади, деб ишонамиз.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг