Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 29/07/2023 Деградацияга учраган чўл ва даштлардан қандай даромад олиш мумкин?
Деградацияга учраган чўл ва даштлардан қандай даромад олиш мумкин?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан деградацияга учраган чўл-дашт ерларидан самарали фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинди.

Атроф-муҳитни яхшилаш ва қўшимча иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлларидан бири деградацияга учраган чўл-дашт ерларини тиклаш ҳамда уларни хўжалик муомаласига киритишдир.

Ўзбекистонда ўрмон фонди ерларининг деградацияга учраган қисми чўл-дашт зоналарида (8,7 млн. гектар) жойлашган. Бу ерларда чўлланиш индекси юқори ва кам ёғингарчилик яшил қопламнинг қисқариши, чўл ҳайвонларининг нобуд бўлиши ва чанг-тўзон кўтарилиши каби экологик муаммоларга олиб келмоқда.

Бундай ерларни тиклаш учун кўп мамлакатларда фитомелиорация усули қўлланилади. Бу усул ўша ерга хос бўлган ўсимлик ва бута турларини тўғри танлашга асосланган.

Қора саксовул, черкез ва селин ҳамда қандим Ўзбекистоннинг чўл-дашт майдонлари учун мос келадиган фитомелиорант ўсимликлардир. Улар Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон ва Термиз туманларидаги қумли ва қумлоқ тупроқли дала шароитида синовдан ўтказилган.

Яхши самара берган тажриба натижалари бундай амалиётни Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг чўл-дашт ҳудудларида қўллаш мумкинлигини кўрсатди.

МҲТИ экспертларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, чўл-дашт зоналарига саксовул (озуқа ҳосилдорлиги гектарига 57 центнер) қандим (гектарига 18 центнер) черкез экиш орқали деградацияга учраган 5 млн. гектар ерни қайта тиклаш имконияти мавжуд.

Бу эса ушбу майдонларда қўй-эчки боқиладиган 5 мингта отарчилик чорва фермаларини ташкил қилиш имконини беради. Бунинг натижасида майда шохли чорва моллари сони қўшимча 3 млн. бошга ортади ва 100 мингта янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, 1 гектар саксовулзордан ўртача 10 тоннагача қуруқ ёғоч массасини олиш мумкин. Бу эса отарчилик чорва хўжаликларига қуруқ ёғоч массасини йиғиб олиш ва қиш мавсумида ўзини ўтин билан таъминлаш имконини беради.

Ўрта ҳисобда 100 гектар чўл-дашт майдонининг озуқа бирлиги 20-30 бош йирик шохли қорамол ёки 60-90 бош майда шохли мол (қўй ва эчки) учун етарли. Бироқ чўл-дашт майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, алмашлаб фойдаланиш учун 300-350 гектар майдонда 100 бош майда шохли молни навбатма навбат ўтлатиш мумкин. (Бунда бир ўтлатилган майдонга ўзини табиий тиклаши учун 2 йил дам берилади).

Умуман олганда, тақиқот натижалари қуйидагиларни кўрсатади:

1. Тупроқнинг юқори қатламида чанг-тўзон пайдо бўлишининг олдини олиш бу чўл-дашт ерларини қайта тиклашнинг экологик самараси.

2. Янги иш ўринларини яратиш, мебель ишлаб чиқариш учун сифатли ёғоч хом ашёсини олиш, ёғоч чиқиндиларидан ўтин сифатида фойдаланиш бу чўл-дашт ерларини қайта тиклашнинг иқтисодий самараси.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг