Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 31/01/2017 ДБҚ да “Ягона ойна” ахборот тизими тақдимоти бўлиб ўтди
ДБҚ да “Ягона ойна” ахборот тизими тақдимоти бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлат божхона қўмитасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Очиқ Хайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги” тўғрисидаги Қонуни доирасида божхона органларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборотлар берилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган “Ягона ойна” божхона ахборот тизимининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) вакиллари, пойтахтимизда фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок қилди.

Тадбирни очар экан, ДБҚ Раиси ўринбосари Ғ.Шукуров экспорт ва импорт юкларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун зарур бўлган 20 турдан ортиқ рухсатнома ҳужжатларини Интернет ёрдамида, онлайн режимида олиш имконини берувчи “Ягона ойна” тизимининг амалиётга жорий қилиниши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида Президентимиз томонидан Давлат божхона қўмитаси олдига қўйилган вазифаларни тизимли равишда сифатли ва самарали бажарилишида муҳим ва ҳал қилувчи рол ўйнашини таъкидлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони билан тасдикланган “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар” дастурининг 33-бандида Давлат божхона қўмитаси ва бир қатор идораларга жорий йилнинг I чорагида «Ягона ойна» идоралараро ахборот тизимини тўлиқ жорий қилиш юклатилган эди.

“Унификациялаштирилган “Ягона ойна” божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш” лойиҳасини амалиётга жорий этиш ишлари 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Ҳукуматлари ўртасида икки томонлама Ҳадли битим имзоланганидан сўнг бошланганди.

Шундан сўнг ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикасига юклатилган мажбуриятларни бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан «Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган «Бир ойна» божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 18 августдаги ПҚ-2224 сон қарори қабул қилинди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигининг навбатдаги ёрқин ифодаси бўлиб, уни амалга ошириш учун Жанубий Корея томонидан 5,5 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилган эди.

Лойиҳани ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш маҳаллий ва Корея Республикасинниг юқори малакали мутахассислари билан ҳамкорликда белгиланган муддатдан кечиктирмай, яъни 2014-2016 йиллар давомида тўла амалга оширилди.

Энг аввало мутахассислар иштирокида бир қанча музокаралар, божхона соҳасидага бизнес жараёнларини синчиклаб текшириш, зарур маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ишлари олиб борилди. 2014-2016 йиллар давомида Корея Республикасида лойиҳа доирасида ташкил этилган тренингларда 30 га яқин ўзбекистонлик мутахассислар иштирок этди.

Шунингдек лойиҳа доирасида Давлат божхона қўмитаси зарурий сервер ва бошқа техник қурилмалар билан таъминланди, “Ягона ойна” ахборот тизимининг дастурий таъминоти ишлаб чиқилиб, тегишли синовлардан муваффақиятли ўтказилди.

Шубҳасиз, жорий этилаётган “Ягона ойна” тизими ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан экспорт ва импорт товарларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун божхона органига тақдим этилиши лозим бўлган барча рухсатнома сертификатлари ва хулосаларини йиғиш жараёнини тезлаштириш ва бу ишларга сарфланадиган вақтни қисқартириш билан мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

«Ўзстандарт» агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси каби қатор вазирлик ва идораларни қамраб олган мазкур тизим ёрдамида 20 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари, шу жумладан, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринар гувоҳнома ва бошқа шу каби ҳужжатларни олиш мумкин.

Айтиш мумкинки, “Ягона ойна” ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси божхона тизими учун муҳим аҳамиятга эга бўлган, давлатимиз 1992 йилдан буён тенгҳуқуқули аъзо бўлиб келаётган Жаҳон божхона ташкилоти томонидан тавсия этилаётган халқаро стандартларга тўла жавоб беради.

“Ягона ойна” ахборот тизимининг аҳамияти шундаки, илгари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари экспорт-импорт операцияларини амалга оширишларида, яъни ташқи савдо шартномасини тузишдан бошлаб, товарларни жўнатгунга ёки қабул қилгунга қадар тегишли рухсатномалар олиш учун бир нечта давлат органларига мурожаат қилишлари ва хар бир идора учун алоҳида ҳужжатлар тўпламини тайёрлаб тақдим этишларига тўғри келар эди. Бу эса муайян даражада ортиқча вақт сарфланишига ва молиявий харажатларнинг кўпайишига олиб келар эди.

“Ягона ойна” ахборот тизими эса давлат божхона хизмати органларида товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини беради.

Ушбу тизимнинг ишга туширилишидан давлат органларига мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, турли божхона тўловлари, солиқ ва йиғимларни тўлиқ ҳисоблаш ва ундириш, тадбиркорларнинг фаолиятига аралашмасдан туриб, ташқи иқтисодий жараёнларни мониторингги ва таҳлилини олиб бориш имконини беради.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун эса молиявий ҳаражатларни тежаш, қоғозбозлик ва бюрократик омиллардан халос бўлиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишга янада камроқ вақт сарфлаш, бу жараёнда мантиқий назорат функциялари кўмагида турли хато ва камчиликлардан ҳоли бўлиш каби қулайликларга эга бўлишади.

Энг муҳими “Ягона ойна” тизими кўмагида ҳар иккала томон фаолиятида ҳам ўзаро шаффофлик янада ортади.

Тадбир давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари “Ягона ойна” ахборот тизими юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

“Ягона ойна” ахборот тизими www.sw.customs.uz манзилида синов тарзида ишга туширилди.

Тақдимот маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Квон Ёнг Ву иштирок қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг