Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2023 Дала четларида маҳсулот етиштириш қўллаб-қувватланади
Дала четларида маҳсулот етиштириш қўллаб-қувватланади

Президент Шавкат Мирзиёев дала четларида маҳсулот етиштиришни кўпайтиришнинг устувор вазифаларини белгилаб берди.

Бу ҳақда жорий йил 23 март куни қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишда топшириқ берилган эди. Шундан сўнг Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган хатловда 60 минг гектарга яқин дала четларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу майдонлардан унумли фойдаланиш орқали 337 минг тонна қўшимча маҳсулот олиш имконияти бор.

Тақдимотда қайд этилганидек, бу ишларни Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ташкил этади. Бунинг учун агрономлар мавсумий ишга қабул қилинади. Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Агентликка бириктирилади.

Дала четларида деҳқончилик қилиш учун уруғ, кўчат, ўғит ва сув таъминоти мақсадларига 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Етиштирилган маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш ҳам муҳим. Шу боис қуритиш ва совитиш ускуналарини харид қилишга 50 миллиард сўм ажратилади.

 

Дала четидаги зовур ва сув бўйларида 600 минг бош парранда боқиш ҳамда қарийб 300 мингта асалари уяси жойлаштириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирда фермер хўжаликлари томонидан ер майдонлари иккиламчи ижарага фақат 1 йилгача берилади. Ток, тут, терак  каби дарахтлар кўп йилда етилишини ҳисобга олиб, бу муддат 10 йилгача этиб белгиланмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу чора-тадбирларни маъқуллаб, унинг ижросини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг