Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 26/08/2017 CodeGirls лойиҳаси муваффақиятли якунланди
CodeGirls лойиҳаси муваффақиятли якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этган CodeGirls лойиҳаси муваффақиятли якунланди.

Лойиҳа доирасида турли ёшдаги 60 нафар қизлар бир ой давомида “CodeCraft” бўйича дастурлаш курсларини ўрганишди. Лойиҳа доирасида иштирокчилар Android платформасида мобил иловалар яратишни ўрганиб олишди.

Курс якунлари бўйича иштирокчилар жаомаларга бўлинишди ҳамда олган билимлари асосида ўзлари яратган лойиҳаларни тақдим этишлари лозим эди. Саралаш босқичидан сўнг тўрт жамоа якуний босқичга йўл олди.

Жамоаларнинг якуний тақдимотида иштирокчиларнинг ота-оналари, жамоатчилик ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчи жаноблари Кристофер Аллен қатнашди.

Ҳакамлар қарорига кўра, “Family Budget” мобил иловасини яратган Мафтуна Зиямова ва Комила Содиқова энг яхши лойиҳанинг муаллифлари бўлишди. Қизлар Android платформасида оилавий бюджетни режалаштиришга қаратилган мобил илова яратишди.

Мафтуна Зиямова қайд этди: «Мен болалигимдан математика ва физикага қизиқаман. Кутилмаганда ўзим учун яна бир йўналиш - Android платформасида мобил иловалар яратиш йўналишини кашф этдим. Ўйлайманки, бизнинг “Family Budget” иловамиз кўпчилик учун фойдали бўлиб, оилавий бюджетни иқтисод қилишга ёрдам беради. Шундай курсда ўқиганим учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ўз миннатдоргимни билдираман. Аминманки, олган билимларим келажакда ўзим танлайдиган ахборот технологиялари соҳасида профессионал бўлишимга ёрдам беради».

Комила Содиқова, ўз навбатида деди: «Мен энг аввало барча ташкилотчиларга мана шундай дастурлаш кўникмаларини олганлигим учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Аввалига дастурлаш бундай қизиқарли бўлишини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Курс жараёнида унинг қанчалик қизиқарли ва фойдали эканлигини тушундим. Менинг онам “Family Budget” иловасини яратиш ғоясини бердилар. Эндиликда ўзимиз ҳам мазкур иловадан фойдаланамиз. Мен бундан кейин ҳам “CodeCraft” курсларида таҳсил олишни давом эттираман».

Лойиҳа ташкилотчилари “CodeGirls” финалчилари ҳамда ғолибларига “CodeCraft” курслари учун чегирмали талонлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширишди.

“CodeGirls” лойиҳаси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “CodeCraft” дастурлаш бўйича курси доирасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

2015 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган болажонлар учун “CodeСraft” лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳанинг мақсади – ўғил-қизларга компьютер ёрдамида ижодий ишларни амалга ошириш ҳамда ўзларининг ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмак беришдир.

Ҳозирги вақтда “CodeСraft”нинг амалдаги лойиҳалари доирасида “Scratch” тилида дастурлаш курслари, MIT App Inventor 2 платформасида Android мобил иловалари курслари ва веб-сайтларни яратиш курслари ўқитилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг