Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 08/10/2018 Чўлпонота шаҳрида чегарадош давлатлар ИИВ раҳбарларининг биринчи қўшма йиғилиши якунига етди
Чўлпонота шаҳрида чегарадош давлатлар ИИВ раҳбарларининг биринчи қўшма йиғилиши якунига етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Қирғизистон Республикаси ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари (Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон) ички ишлар вазирларининг биринчи кенгайтирилган қўшма йиғилиши ўз якунига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар беради.

Мазкур форматдаги тадбир биринчи бор ўтказилиши. Халқаро аҳамият касб этувчи ушбу тадбир Қирғизистон Республикаси Президенти С.Жээнбеков томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Остона шаҳридаги биринчи маслаҳат учрашуви давомида Марказий Осиё давлатлари халқларининг манфаатлари йўлида минтақавий ҳамкорликка йўналтирилган, биродарлик ва қўшничилик алоқаларини янгилаш ва фаоллаштириш борасидаги қўйилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Учрашувда Тожикистон Республикаси ИИВ делегацияси раҳбари сифатида ички ишлар вазири милиция генерал-полковниги Рахимзода Рамазон Хамро, Қозоғистон Республикаси ИИВ делегацияси раҳбари ички ишлар вазири полиция генерал-полковниги Касимов Калмуханбет Нурмуханбетович, Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси раҳбари ички ишлар вазири генерал-майор Бобожонов Пўлат Раззоқовичлар иштирок этишди.

Шунингдек, йиғилишда Марказий Осиё давлатлари ИИВларининг чегарадош вилоятлар ИИББлари, ИИБлари ва департаментлари раҳбарлари ҳам иштирок этишди: (Чуй вилояти ИИББ, Иссиқкўл, Талас, Ош, Жалолобод, Боткен вилоят ИИБлари, Қозоғистон Республикаси Олмаота ва Жамбул вилоятлари ички ишлар департаменти, Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ИИБ, Ўзбекистон Республикаси Андижон, Наманган, Фарғона вилоят ИИБлари раҳбарлари).

Йиғилишда Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазири Кашкар Джунушалиев сўзга чиқиб, “Аввало, Сизга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон Республикалари ички ишлар вазирлари қўшма йиғилишини ўтказиш юзасидан қилинган ташаббусни қўллаб қувватлаганингиз учун миннатдорчилигимни билдираман. Марказий Осиё чегарадош давлатлари форматидаги ушбу учрашув вазирликларимизнинг минтақада янада чуқурроқ ҳамкорлик қилишга интилишидан даракдир”, деб таъкидлади.

Кашкар Джунушалиев яна, давлатларимиз манфатлари чамбар-чарс боғлиқлигини, олдимизда турган долзарб масалаларни ечишда ўзаро ҳамкорлик асосига ёндашишимиз лозимлигини, ушбу форматдаги учрашувлар бизга минтақа давлатларини бир хил ташвишга солаётган жиноятчилик оламидаги янги таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш имкониятини беришини ҳам айтиб ўтди.

“Мен ишонаманки, Марказий Осиё давлатлари ИИВнинг биринчи ва келажакдаги кўп томонилама алоқалари халқаро терроризм ва экстремизмга, наркожиноятчиликка, уюшган жиноятчиликка ва технологиялар соҳасидаги жиноятчиликларга қарши курашда албатта ўз натижасини беради. Ўйлаймизки мазкур учрашув анъана касб этади. Чунки бу каби йиғилишлар ўзаро ишонч ва профессионал ҳамкорлик борасидаги ишларни яқинлаштиради”.

“Фақат келишув асосидаги фаолият ва Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг чуқур ҳамкорлигигина минтақада уюшган, трансчегаравий жиноятчилик шунингдек, автотранспорт воситаларини олиб қочиш, мол-мулк ва қурол-яроғ ўғирлиги жиноятларига қарши курашда омад келтиради” деб таъкидлади ташкилот раҳбари Кашкар Джунушалиев.

Шунингдек, Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазири бугунги кунда синтетикли ва психофаол гиёҳванд моддаларини интернет орқали тарқалиши, пул маблағларини ўтказилишида электрон воситалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини ортаётганлигини айтиб ўтиб, шу муносабат билан ушбу иллатга қарши биргаликда курашиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Жиноятчиликнинг ушбу турлари халқаро аҳамият касб этаётганлигини ва айнан шу сабабли, бизга доимий равишда тегишли хизматлар ва ташкилотлараро ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни ташкиллаштиришимиз лозим.

Компьютер технологиялари ва жаҳон интернет тармоғининг ривожи даврида алоқаларда «Кибер-экстремизм» и «Кибер-терроризм» хавфлари тус олмоқда.

Асосан у интернет тармоқларида тарғибот-ташвиқот кўринишларида намоён бўлиб, ўйлаб топилган оғир психологик ҳолатлар натижасида маблағларидан воз кечиш, ҳамкорларини ёллаш, терактлар уюштириш, психологик таҳдидлар, қўрқитиш, диний ва бошқа кўринишларда бўлади. Информацион жамият эса, ушбу таҳдидлардан ҳимояланишга муҳтождир.

Куннинг биринчи ярмида барча йиғилиш қатнашчилари 4 ишчи гуруҳига бўлиниб, уюшган жиноятчиликка, экстремизм ва терроризмнинг кўринишларига қарши курашиш механизмларини, шунингдек, интернет тармоғи жиноятчилиги, чегарадош ҳудудлар ички ишлар органларининг жамоат тартибини ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саволларини муҳокама қилишди.

Учрашув якунида Марказий Осиё мамлакатлари ИИВларининг қўшма баёни имзоланди.

Бундан ташқари, учрашув жараёнида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ички ишлар вазирлари томонидан уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, экстремизм ва терроризмнинг кўринишларига қарши курашишда ўзаро тажриба алмашиш, чегарадош жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида қўшма режа имзоланди.

Ички ишлар вазирликлари раҳбарлари иштирокидаги мазкур учрашув дўстона, ишчан ва ишончли руҳда ўтди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг