Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 19/04/2019 Чехия билан ҳамкорликда Бухорода цемент ва ойна ишлаб чиқарилади
Chexiya bilan hamkorlikda Buxoroda sement va oyna ishlab chiqariladi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - Бухоро вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг 14-19 апрел кунлари Франция ва Чехия давлатларига ташрифи ташкил қилинди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Германия ва Франция давлатларидаги элчихоналари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ташриф доирасида делегация аъзолари Европанинг етакчи компаниялари, хусусан, цемент ва ойна ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, транспорт логистикаси, энергетика, тиббиёт ва туризм соҳаси ишбилармонлари ҳамда бизнес вакиллар билан учрашишди.

Чехияга ташриф пайтида делегация Прага шаҳридаги “Ustav peje o matku a dite” клиникаси, Чехия экспорти банки, “Jawa Tynes nad Sazavou” компанияси ҳамда цемент ишлаб чиқариш технологиялари бўйича Европада етакчи “PSP Engineering Prerov” ва шиша (ойна) ишлаб чиқариш технологияларига ихтисослашган “PKI Teplotechna Brno spol s r.o” компаниялари фаолияти билан танишишди. Учрашув натижасида Чехия тиббиёти малакали мутахассислари билан тажриба алмашиш, Бухорода Европа стандартлари асосида цемент ва ойна ишлаб чиқариш бўйича инвестицияларни жалб қилиш масаласида дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, Чехияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, логистика ва туризм соҳаси ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш йўналишлари белгилаб олинди.

Францияга ташриф жараёнида делегация аъзолари Рюэй-Мальмезон ва Бухоро шаҳарлари ўртасида 20 йилдан буён давом этиб келаётган биродарлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишлари ҳақида музокаралар ўтказишди. Ҳар иккала шаҳар биродарлик алоқалари доирасида жорий йил 17 апрель куни Рюэй-Мальмезон шаҳридаги “Дўстлик” паркида ўзбек боғи ҳамда буюк қомусий олим, тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино (Авиценна) шарафига ёдгорлик ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Анжуманда Бухоронинг мусиқа ва рақс санъати ноёб намуналари намойиш этилди ва унда 500дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Шаҳарда делегация аъзолари учун бизнес Форум ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, Францияда энергетика, виночилик, савдо ва туризм йўналишида етакчи компанияларнинг вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг