Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 01/03/2019 “Cambridge University Press” билан ўзаро англашув меморандуми имзоланади
“Cambridge University Press” билан ўзаро англашув меморандуми имзоланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кембридж университети нашриёти “Cambridge University Press” билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Икки томон ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланади.

Жамғарма ҳамда Кембридж университети нашриётининг ҳамкорликдаги фаолияти маданият ва санъатни таълим ҳамда илмий лойиҳалар орқали ривожлантиришга қаратилади. Буюк Британиянинг энг қадимги нашриёт уйи ва Жамғарма ўртасидаги ҳамкорлик таълим соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, ўқитувчилар, ўқув дастурлари ҳамда юқори сифатли ўқув материалларини тайёрлаш тизимини ривожлантиришни ўз ичига олади.

Ушбу ҳамкорлик 2021 йилда Лувр музейида бўлиб ўтадиган “Ипак йўлидаги цивилизация ва маданиятлар” кўргазмасига тайёргарлик жараёнида бошланади. Кембридж университети нашриёти билан биргаликда “Марказий Осиё цивилизацияси, мамлакатлари ва маданиятлари” (Civilization, States and Cultures of Central Asia) номли китоби чоп этилади. Китоб муаллифи – Эдвард Ртвеладзе, тарихчи-археолог, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Грузия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси.

Ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросимида Кембридж университети нашриёти томонидан халқаро ривожланиш бўлими бошлиғи Энни Михайлиду ҳамда нашриёт ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи Льюис Бирчон иштирок этадилар.

Льюис Бирчон:

– Мамлакат мероси ва тарихини тушунишнинг энг яхши йўли – бу унинг маданияти билан танишишдир. Бизнинг ҳамкорлигимиз Ўзбекистоннинг маданий меросининг халқаро миқёсдаги ўрнини янада юксалтиришгда муҳим қадам бўлади.

Энни Михаилиду:

– Кембридж университети нашриёти Жамғарма билан биргаликда буюк тарихга эга давлат – Ўзбекистоннинг маданий меросини тарғиб қилиш устида ишлаши биз учун шараф. Ўзбекистонда таълим салоҳиятини очиш ва соҳани ривожлантириш, жумладан, бадиий ва маданий соҳаларда таълимни ривожлантиришда Жамғарма бизнинг қарашларимизни улашаётгани биз учун шараф.

Ўзбекистонлик ҳамкорлар томонидан меморандумни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Гаяне Умерова имзолайди:

– Биз Кембридж университети нашриёти билан ҳамкорликни бошлаётганимиздан бағоятда мамнунмиз. Умид қиламизки, ушбу ҳамкорлик умумий мақсадимиз – Ўзбекистон маданий ва бадиий маросини сақлаб қолиш ва тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшади. Ўйлаймизки, бу ўз ўрнида мамлакатимизни бутун дунёга очиш йўлида катта аҳамиятга эга бўлади.

Маълумот учун:

Cambridge University Press – Англиядаги Кембридж университетининг нашриёти. 1534 йилда Генрих VIII Тюдор томонидан асос солинган. Дунёда энг қадимги ва катталиги бўйича иккинчи ўриндаги нашриёт ҳисобланади. Нашриёт томонидан илмий тадқиқотлар ва профессионал ривожланишни ўз ичига олган 50 000 дан зиёд нашрлар, шунингдек, мактаб ва инглиз тили таълими мавзуларига бағишланган 380 дан ортиқ илмий журналлар чоп этилади. Cambridge University Press замонавий халқаро нашриётлар рўйхатида етакчи ўринлар эгаси бўлиб, бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ офислари фаолият олиб боради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг