Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 15/03/2024 Бухорода «Тупроқ докторлари» (Soil Doctors) дастури ишга туширилди
Бухорода «Тупроқ докторлари» (Soil Doctors) дастури ишга туширилди

Тупроқ эрозияси ва шўрланиши Марказий Осиёда барқарор қишлоқ хўжалиги учун жиддий хавф туғдирмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ушбу муаммоларга қарши курашиш бўйича бир қанча тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Глобал тупроқ ҳамкорлиги (GSP) билан биргаликда Глобал тупроқ докторлари дастурининг ишга туширилиши мана шу тадбирлар сирасига киради. «Фермердан - фермерга» амалиёти ташаббуси доирасида олиб бориладиган ушбу дастур фермерларнинг тупроқни барқарор бошқариши бўйича салоҳиятини оширишга, шунингдек, ҳукумат ва манфаатдор ташкилотларни қишлоқ жойлардаги ҳамжамиятларни ривожлантиришда қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ўзбекистонда «Глобал тупроқ докторлари» дастури йирик минтақавий лойиҳа ҳисобланган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Дастур Ўзбекистондаги Тупроқ докторлари лойиҳасининг миллий промоутери бўлган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ва

«Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Шу билан бир қаторда, Тошкент давлат аграр университети ва Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ҳам бу лойиҳага ҳамкорлик қилмоқда. Дастурнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш, турмуш даражасини яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган иродани намойиш қилиш ҳисобланади.

Дастурни амалга ошириш Бухоро вилоятида ўтказилган «Тупроқ докторлари» тренерларини тайёрлаш бўйича 4 кунлик ўқув курси билан бошланди. Тегишли ташкилотларнинг мутахассислари, шунингдек фермерлар тупроқни барқарор бошқариш бўйича салоҳиятини ошириш мақсадида тренинг курсидан ўтмоқдалар. Бунда асосий эътибор шўрланиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш муаммоларини ҳал қилишга қаратилган. Кенг қамровли ўқув дастури тупроқда органик моддаларини кўпайтириш, озуқа моддаларни бошқаришни оптималлаштириш, шўрланишга мойил бўлган тупроқларнинг агрономик хусусиятларини яхшилаш ҳамда тупроқ pH кўрсаткичи, текстураси ҳамда таркибини тушуниш масалаларини ўз ичига олган.

CACILM-2 лойиҳасининг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов таъкидлаганидаек, «Тупроқшунослик соҳасидаги мутахассисларнинг билим даражасини ошириш, шунингдек, фермерларнинг тупроқни бошқаришдаги муҳофаза қилувчи ролини тан олишмиз лозим. Фермерлар ўзларининг кичик ерларида қабул қилган қарорлари атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушунишлари керак. Тупроққа асрашимиз зарур бўлган қимматли ресурс сифатида қараш лозим. Шунингдек, тупроқларни барқарор бошқаришни қўллаб-қувватлашимиз ва фермерлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишимиз зарур».

ФАО Глобал тупроқ ҳамкорлигининг мутахассиси Мария Ферро Васкес қишлоқ хўжалиги барқарорлигига эришишда фермерларнинг роли муҳим эканлигига эътибор қаратди. «Дастурнинг мақсади Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, шунингдек, ерлар деградациясига қарши курашишдаги устувор йўналишларига мувофиқ, қишлоқ хўжалигида тупроқ саломатлиги ва барқарор бошқарув ҳақида хабардорликни ошириш орқали фермерларни янада барқарор бўлишига ёрдам беришдир», дея таъкидлаб ўтди у.

«Тупроқ докторлари» Глобал дастурининг фаолияти бу билан якунланмайди, бу фақат бошланишидир. Дастур FAO ва GSP ёрдамида мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этилади. Мақсад Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва бошқа вилоятларда ҳам юзлаб етакчи фермерларни (тупроқ докторларини) тайёрлаш ва ўз навбатида улар ҳам ўз олган билимларини бутун Ўзбекистон бўйлаб бошқа фермерларга етказишини таминлашдан иборатдир. Ўзбекистонда «Глобал тупроқ докторлари» дастурининг амалга оширилиши ўзаро билим алмашиш ва фермерларнинг тупроқ ресурсларини бошқариш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Бу билан бутун мамлакат бўйлаб тупроқ унумдорлиги ва озиқ-овқат тизимларининг барқарорлиги оширилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг