Бухорода анъанавий ўзбек нонлари уй-музейи очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилояти Жондор тумани Ушот қишлоғида анъанавий ўзбек нонларига бағишланган уй-музей очилди, деб хабар берди Бухоро вилоят туризм бошқармаси матбуот хизмати.
Лойиҳанинг асосий мақсади — маҳаллий ва хорижий сайёҳлар орасида ўзбек халқи нонвойлик анъаналари ҳамда меҳмондўстлик маданиятини кенг тарғиб қилиш.
Музейнинг ахборот экспозицияларида буғдой етиштиришдан то хамир тайёрлаш ва танурда нон пиширишгача бўлган йўл атрофлича ёритилган. Бу эса ташриф буюрувчиларга оддий ўзбек нонининг мамлакат маданияти ва аҳолининг кундалик ҳаётидаги аҳамиятини чуқурроқ англаш имконини яратади.
Музейдан ташқари қишлоқда 20 та уй реконструкция қилиниб, сайёҳларни қабул қилишга мослаштирилган. Улар орқали саёҳатчилар ўзбек нонвойчилиги сирларини амалда ўрганиш, миллий таомлар ва маҳаллий аҳоли урф-одатлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.