Валюта курслари 21/08/2025
$1 – 12466.44
UZS – -0.47%
€1 – 14517.17
UZS – -0.77%
₽1 – 155.42
UZS – -0.35%
Қидириш
Ўзбекистон 05/08/2025 Болаларнинг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

Болаларнинг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларини етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда муқобил жойлаштириш шаклларига бериш борасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Болаларга тарбия, таълим бериш ва соғлиғини сақлаш бўйича масъул шахсларга ўз мажбуриятларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, васий ёки ҳомийни белгилаш ваколатини ҳокимлардан “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директорига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш бўйича мурожаат қилингани тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбуриятини юклатиш белгиланмоқда.

Ички ишлар органлари, судлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари, таълим ташкилотлари ва бошқа муассасалар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нотариус ва бошқа фуқароларга болалар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлигидан хабардор бўлгач, 24 соат ичида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармаганлиги учун васийлик, ҳомийлик ёки тутинган ота-оналик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахсларга болалар фарзандликка берилмаслиги ва улар васий ёки ҳомий этиб тайинланмаслиги кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа билан васийларнинг васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан васийликдаги шахс номидан мерос ва ҳадя олишдан воз кечиш ҳуқуқи ҳам чиқариляпти. Шунингдек, бола учун ундириладиган алиментни камайтиришга оид ишларни кўришда бола манфаатларида “Инсон” ижтимоий хизматлари вакилининг мажбурий иштироки белгилаб қўйилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ота-она ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитация қилиш учун қилинган қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш ҳақида киритилган аризалар, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси яшайдиган жойга доимий рўйхатга қўйганда давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф этилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан бир қатор аниқлаштирувчи саволлар кўтарилди. Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлоновнинг таъкидлашича, Оила кодексининг 152-моддасида фразандликка олиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган шахслар тоифаси белгиланган. Қонун лойиҳасида вояга етган ва махсус ўқув курсларини тамомлаганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлган шахсларгина фарзандликка олувчилар рўйхатига киритиляпти. Бунинг зарурати нимада?, дея қонун ташаббускорларига юзланди.  

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Тўйчи Ёқубов қонун лойиҳаси билан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга киритилаётган  ўзгартиришларга тўхталиб ўтди. Яъни, 29-моддада “муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган ҳамда биринчи марта ишга кираётган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахсларни давлат фуқаролик хизматига танловсиз ишга қабул қилиш” масаласи кўтарилаётганини, танловларда оддий оила фарзандлари, яъни боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оила фарзандлари ҳам иштирок этишини назарда тутган ҳолда, бунда уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлмайдими? деган савол билан қонун ташаббускорларига юзланди. 

Қонун ташаббускорлари депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга атрофлича тушунтириш бериб ўтишди.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг