Валюта курслари 12/03/2025
$1 – 12931.94
UZS – -0.06%
€1 – 14107.45
UZS – 0.37%
₽1 – 150.18
UZS – 3.13%
Қидириш
Иқтисод 12/03/2025 Божхоначилар вагондаги тош плиталар орасига 7,5 млрд сўмлик сигарет яширилганини фош қилишди

Божхоначилар вагондаги тош плиталар орасига 7,5 млрд сўмлик сигарет яширилганини фош қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитасининг тезкор тузилмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда йирик миқдорда – 155 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уриниш бартараф этилди.

Тезкор тадбирда тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига келтирилган ҳамда тезкор кузатувга олинган темир йўл вагони Тошкент шаҳридаги божхона омборларидан бирида кўрикдан ўтказилди.

Йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра, вагонга травертин плиталари ортилган бўлиб, кўрик давомида ушбу тошлар орасида моҳирлик билан яширин бўшлиқ ҳосил қилингани фош бўлди. Қаранг-ки, мазкур бўлмаларга зарқоғозга ўралган 51 дона қоғоз қутилар яширилган экан. 

Ушбу қутилар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичида 76 минг 500 қути тамаки маҳсулотлари яширилгани фош бўлди.

Тезкор тадбир Бухоро вилоятида ҳам давом эттирилди. Тезкор тузилмалар ходимлари “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости вакиллари билан биргаликда айнан ушбу тадбиркорлик субъекти номига келтирилган яна бир вагонни кўздан кечиришди.

Қаранг-ки, ушбу вагонга ҳам худди юқоридаги каби травертин плиталари орасига зарқоғозга ўралган 91 дона қоғоз қутилари яширилгани фош бўлди. 

Мазкур қутиларда ҳам Ўзбекистон Республикасининг акциз маркаси билан қадоқланмаган, сифатини ва табиийки божхона расмийлаштирувини ҳам тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 79 минг 90 қути сигарет борлиги аниқланди. 

Шундай қилиб юқоридаги тезкор тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган 155 минг 590 қути тамаки маҳсулотлрининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 7,5 млрд сўмдан ошмоқда.

Товарларни божхона назоратидан яшириш эвазига юк эгалари давлат бюджетига ундириладиган 2,2 млрд сўмлик божхона тўловларидан қочишни кўзлашган эди. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди. 

Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари йил бошидан буён аниқланган 132 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 13 млрд сўмдан зиёд 300 минг қути тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг