Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 30/08/2023 Божхона расмийлаштируви маркази ишга тушди
Божхона расмийлаштируви маркази ишга тушди

Божхона расмийлаштируви маркази ишга тушди

Мустақиллик халқимизга эркинлик, рўшнолик олиб келганидек, ҳар йили бу айёмда яхшилигу янгиликлар кўп бўлади. Бу йил ҳам барча ҳудудларда иқтисодий-ижтимоий иншоотлар ишга туширилмоқда.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги ана шундай бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган эди. Жумладан, шу мақсадда Божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви маркази барпо этилди.

Президентимиз ушбу мажмуани бориб кўрди.

Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган. Ахборот тизими хорижий давлатлар, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинган. Ишни ташкил этишда тадбиркорларнинг таклифлари ҳам инобатга олинган.

Маълумотларни қайта ишлаш маркази амалдаги захирага нисбатан

ўн баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. Бу алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришни таъминлайди. Бутун тизим киберҳужумлардан ҳимояланган.

Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилди. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.

“Call-марказ”да божхона органларининг 11-08 ишонч телефони ҳамда қўмита веб-сайти орқали келиб тушаётган мурожаатларга жавоб берилади.

Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлими Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида очилган. Бу ерда тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идоралар ва хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.

Марказий божхона лабораторияси ҳам экспертиза жараёнларини қисқартириш ва аниқлигини оширишга қаратилган илғор ускуналар билан жиҳозланди.

Умуман, Президент фармони асосида соҳа рақамлаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви вақти ўртача 2 баробарга қисқарди. Масалан, шу вақт экспорт йўналишида 2017 йилда 5 соат 42 дақиқа бўлган бўлса, 2023 йилда 30 дақиқани ташкил этмоқда.

Импорт товарларининг 80 фоизи ва экспорт товарларининг 89 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик расмийлаштириш ҳажми ҳам оширилмоқда.

- Бу шароитлар, натижалар, албатта, одамни қувонтиради. Лекин рақамлаштириш шундай жараёнки, бир жойда чекланиб қолмайди. Соҳада қилинган ишлардан кўра, қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Шунинг учун қулайликларни мунтазам ошириб бориш зарур. Тизим фаолиятига тадбиркорлар баҳо бериши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Импорт таркибининг таҳлили асосида маҳаллий тадбиркорларга таклиф бериш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ходимларнинг моддий-ижтимоий шароитларини яхшилаб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш вазифаси қўйилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг