Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Бугун Божхона қўмитаси ва IBM компанияси вакиллари ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган «Сунъий интеллектни қўллаш орқали товар тўғрисидаги маълумотлардан алоҳида таснифларни идентификация қилиш» пилот лойиҳасининг дастлабки фазаси якунлангани ва навбатдаги босқичда иш олиб борилиши муносабати билан видеоконферения тарзида учрашув ўтказишди.
Лойиҳа доирасида IBM компаниясининг ўндан ортиқ ходимлари ҳамда Божхона қўмитасининг Божхона тўловлари ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармалари ходимлари иштирок этишди.
Мазкур лойиҳа божхона органларида сунъий интеллект элементларини қўллаш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, булутли маълумотлар ва тил моделларидан фойдаланиш орқали божхона органларига зарур бўлган маълумотларни қайта ишлаш имконини беради.
Масалан, божхона юк декларациясида товар учун ажратилган майдонда товарнинг умумий таснифи келтирилса, лойиҳа доирасида сунъий интеллект товарнинг барча хусусиятларини алоҳида тасниф тариқасида категорияларга ажратишни назарда тутади.
Бу эса ўз навбатида божхона органларида хавфларни бошқариш тизимининг мавжуд маълумотларини қайта ишлаш модулларини аниқ товарлар бўйича қайта ишлаш ҳамда декларацияларда кўрсатилиши лозим бўлган айрим маълумотларни кўрсатмаслик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши товарни тўлиқ идентификация қилиш имконини беради. Бу эса божхона органларининг иш юкламаси сезиларли тарзда камайишига хизмат қилади.