Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 24/04/2019 Боғчаларда энергия тежовчи тизимлар жорий этилади
Bog'chalarda energiya tejovchi tizimlar joriy etiladi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Мактабгача таълим вазирлигида Корея энергетика агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда мактабгача таълим муассасалари биносини сақлаш, эксплуатация қилиш, энергия тежовчи тизимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин эндиликда янги мактабгача таълим муассасалари қурилишида катта харажатли, ҳашаматли лойиҳалар ўрнига экплуатацияга қулай, хавфсиз ҳамда камхарж лойиҳаларга эътибор қаратилишини билдирди.

– Катта маблағ ишлатмасдан, фарзандларимиз учун қулай ва хавфсиз муассасалар барпо этиш мумкинлигини сизнинг компаниянгиз бизга исботлаб берди. Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш айни кунда Ўзбекистон учун долзарб масала ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан биз Агентлик билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, – деди А. Шин Корея энергетика агентлиги президенти Ким Чанг Сэоб билан суҳбатда.

Энергия тежовчи тизим модернизация қилинаётган мактабгача таълим муассасаларига ҳам жорий этилиши қўзда тутилмоқда.

Ҳамкорлик доирасида Корея энергетика агентлиги мутахассислари Мактабгача таълим вазирлиги томонидан таклиф этилган бешта МТМни ўрганиб чиқди. Ўрганиш чоғида объектларнинг умумий ҳамда ўзига хос томонларига эътибор қаратилди. Яқин келажакда уларни модернизация қилиш, энергия тежовчи тизимларни жорий этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади. Пилот лойиҳасини амалга ошириш учун эса Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 19-мактабгача таълим муассасаси танлаб олинди.

Учрашув якунида Мактабгача таълим вазирлиги ва Корея энергетика агентлиги ўртасида энергия самарадорлиги, энергиянинг қайта тикланувчи манбалари ва иқлим ўзгариши бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Манба: Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг